Россия Сенати раиси Марказий Осиё мамлакатлари билан виза режимини жорий қилиш ғоясига қарши чиқди

    Россия Федерация Кенгаши (Сенати) спикери Валентина Матвиенко Хован қабристонида юз берган фожеадан сўнг Марказий Осиё мамлакатлари билан виза режимини жорий қилиш ҳақидаги гап-сўзларга қарши чиқди. Унинг фикрича, бу фожеанинг миграция сиёсатига ҳеч қандай алоқаси йўқ.

    Бундан аввалроқ Россия Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Евгений Серебренников Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари учун виза тартибини жорий қилиш кераклигини маълум қилган эди.

    “Виза режимини жорий этишни ҳатто муҳокама қилиш зарурати йўқ. Собиқ Иттифоқ ҳудудида бундай нифоқ солиш керак эмас. Хован қабристонида содир бўлган воқеа мамлакат миграция сиёсати билан ҳеч қандай алоқага эга эмас”, деди Матвиенко журналистларга.

    Унинг қайд этишича, қабристондаги ҳодиса “90-йиллар усулидаги жиноий тортишув”лар натижасида юз берди. Бу ерда бундай ҳолатга йўл қўйган ҳуқуқ-тартибот ходимлари фаолиятига жиддий савол туғилади.

    Шу йилнинг 14 майда Хован қабристонида 200 га яқин одам иштирокида оммавий муштлашув содир бўлди. Муштлашувда бир томонда арматура, бита, белкурак билан қуролланган марказий осиёликлар, бир томонда ўқотар қуроллар билан қуролланган кавказликлар иштирок этишди. Муштлашув оқибатида 3 киши ҳалок бўлди, 26 киши жароҳат олди. Қотиллик бўйича жиноий иш қўзғатилди, 90 га яқин одам ҳибсга олинди.