Саудия Арабистони нефть қарамлигидан қутула оладими?

Ўтган ҳафта Саудия Арабистони подшоҳи мамлакат ҳукумати таркибида жиддий ўзгартишларни амалга оширди. Узоқ йиллар нефть вазири бўлиб келган Али ан-Наимий лавозимидан четлатилиб, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон томонидан мамлакатнинг нефть қарамлигига барҳам бериш ҳамда иқтисодиётни ривожлантиришнинг янги концепцияси амалга ошириладиган бўлди. Подшоҳнинг фармонига биноан, бу борада батафсил дастур бир ой ичида эълон қилиниши керак. Шундай бўлса-да, The Financial Times газетаси Саудия Арабистонининг бешта асосий ислоҳотлари йўналишини аниқлади:

Энергетика

Ан-Наимий ўрнига Saudi Aramco давлат нефть компанияси директорлар кенгаши раиси ҳамда валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмоннинг яқин ҳаммаслакларидан бири Холид ал-Фолих тайинланди. Ал-Фолих Saudi Aramco компаниясини хусусийлаштириш билан шуғулланади. Компания 2 триллион доллар атрофида баҳоланиши мумкин. Шунинг учун унинг 5 фоиз акциясини IPO қилиш ҳам тарихдаги энг катта молиявий амалиёт бўлиши мумкин.

Ал-Фолих вазирлиги, шунингдек, саноатга ҳам масъул. Шунинг учун вазирлик энергетика, саноат ва табиий ресурслар вазирлиги деб ўзгартирилди. Саноат ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳисобига Ар-Риёд хусусий секторнинг улушини ЯИМга нисбатан 45 фоиздан 60 фоизга чиқармоқчи. Ишсизлик кўрсаткичини эса 11,6 фоиздан 7 фоизга тушириш режалаштирмоқда.

Сув ва электр энергияси таъминоти

Сув ва электр энергиясига давлат томонидан субсидия ажратишнинг тўхтатилиши ҳукуматга 2020 йилга қадар ҳар йили ўртача 30 миллиард доллар қўшимча маблағни тежаб қолиш имконини беради. Аммо апрель ойида тарифларнинг ошиши аҳолининг норозилигига сабаб бўлди. Чунки халқ бунга кўникмаган эди.

Натижада подшоҳ Салмон сув хўжалиги ва электр энергияси вазирини истеъфога чиқарди. Вазирлик эса тугатилди. Шундай бўлса-да, валиаҳд шаҳзода субсидияни қисқартириш режасидан воз кечмоқчи эмас. Эндиликда электр таъминоти билан ал-Фолихнинг вазирлиги шуғулланади. Сув таъминоти эса янги ташкил этилган атроф-муҳит, сув ресурслари ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги зиммасига юклатилди.

Савдо ва инвестиция

Янги ташкил этилган савдо ва инвестициялар вазирлигини собиқ ижтимоий масалалар вазири Мажид ал-Қасабий бошқаради. Ушбу вазирлик эндиликда саноат учун жавоб бермайди. Аммо кичик ва ўрта бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини ҳозирги 20 фоиздан 35 фоизга етказиши керак бўлади. Компаниялар тўғрисидаги янги қонун амалиётга киритилди. Вазирлик, шунингдек, корпоратив бошқарувни ислоҳ қилишни, жумладан, директорлар кенгаши раисининг менежерлик лавозимларини эгаллашларини тақиқлашни режалаштирмоқда.

Вазирлик компанияларнинг устав капитали миқдорини 530 минг доллардан 133 минг долларга камайтирди. Шу билан бирга, инвесторлар янги банкротлик тўғрисидаги қонуннинг қабул қилинишини кутишмоқда. Ҳозирда Саудия Арабистонида компанияни тугатиш жуда мураккаб жараён бўлиб, компания банкротлик ёқасига келиб қолса, директорни қамоқ жазоси кутиши мумкин.

Миллий фаровонлик фондларини бошқариш

Саудия Арабистони пул муомаласи агентлиги (SAMA)нинг янги раиси этиб Аҳмед ал-Холифий тайинланди. У бунгача ушбу агентликда турли лавозимларда ишлаб келган эди. SAMA эндиликда кўпроқ марказий банк вазифасини бажаради. Давлат инвестиция фонди эса 2 триллион долларлик жамғарма билан мустақил фондга айланади. Ушбу фонд Saudi Aramco компаниясини ҳам тасарруф этади.

Сўнгги йилларда SAMAнинг валюта резервлари 580 миллиард долларгача тушиб қолди. У ҳар ойига қарийб 10 миллиард долларга камайиб борди. Бу маблағ бюджет тақчиллигини қоплаш учун йўналтирилди. Жорий йилда бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 19 фоизни ташкил қилиши кутилаяпти.

Маданият ва ҳордиқ чиқариш

Собиқ инвестбанкир, соғлиқни сақлаш вазири Аҳмад ал-Холиб янги маданият ва кўнгилочар саноати бўйича комиссияни бошқаради. 30 яшар валиаҳд шаҳзода Муҳаммад Саудия жамиятини бирмунча либераллаштиришни режалаштирмоқда. Аммо подшоҳлик таянчи бўлмиш консерватив руҳонийлар гуруҳи бу янгиликларга кескин қарши чиқади.

Шаҳзода саудиялик оилаларнинг мамлакат ичидаги ҳордиқ учун харажатларини икки мартага кўпайтиришни, яъни 2030 йилга қадар 6 фоизга етказишни режалаштирмоқда. Ҳозирги кунда аксарият саудиялик оилалар хорижда ҳордиқ чиқаришади. Кинотеатрлар эса 1980 йиллардан бери мамлакатда тақиқланган.