Ўзбекистонда дронлардан ноқонуний фойдаланганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этиш таклиф қилинмоқда

Ягона интерактив давлат хизматлари порталида “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ҳужжатда мамлакат ҳаво ҳудудидан ноқонуний фойдаланиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни киритиш кўзда тутилган. Хусусан, ҳаво ҳудудидан, жумладан, учувчисиз парвоз қурилмаларидан ноқонуний фойдаланиш энг кам иш ҳақининг 100 бараваридан 200 бараваригача миқдорида жарима тўлаш кўринишидаги маъмурий жавобгарлик ёки қоидабузарлик буюмларини мусодара қилиш билан 15 кунга ҳибсга олишга олиб келади.

Агар бу қоидабузарлик жарима тўлангандан кейин такроран содир этилган ёки ўз ортидан ўртача оғирликдаги жароҳат ёки оғир жароҳатга олиб келган бўлса, унда айбдор одам 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 ой ҳибсга олиниш кўринишидаги жиноий жавобгарликка тортилади.

Одамнинг ўлимига олиб келган дронлар билан хатти-ҳаракатлар 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача эркинликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Қурбонлар, фожиа ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келган ҳаракатлар 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этишга олиб келади.

Ўзбекистонга дронларни олиб кириш, сотиш ва улардан фойдаланиш 2015 йил 1 январдан тақиқлаб қўйилган.

Ушбу қонун нормалари кучга кириши учун парламент уни қабул қилиши ҳамда Президент имзолаши керак бўлади.

SHARE