Иккинчи жаҳон урушида 338 нафар ўзбекистонлик қаҳрамон унвонига сазовор бўлган

Иккинчи жаҳон урушида 338 нафар ўзбекистонлик қаҳрамон унвонига сазовор бўлган. Бу ҳақида Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов Тошкентдаги Хотира майдонида оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида.

“Тарихда буюк сана бўлиб қоладиган бу воқеа, яъни фашизм устидан ғалаба қозонишда мардлик ва матонат кўрсатган кўпмиллатли минг-минглаб инсонлар қаторида 338 нафар юртдошимиз юксак қаҳрамонлик унвонига сазовор бўлгани, қанча-қанча оталаримиз, боболаримиз ўз жонини фидо қилиб, жанговар орден ва медаллар билан мукофотлангани қалбимизга ҳақиқатан ҳам фахр туйғусини бағишлаши табиийдир”, деди Ислом Каримов.

Уруш бошланган пайтда Ўзбекистонимиз аҳолиси 6,5 миллион кишига яқин бўлган бўлса, шундан 1,5 миллион киши, яъни қурол кўтаришга қурби етадиган одамлар урушда қатнашган. Уларнинг орасидан 500 мингдан кўпроғи жанг майдонларида ҳалок бўлганини, яна қанча-қанчаси майиб-мажруҳ бўлиб қайтгани, қанчаси бедарак йўқолганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу ғалаба бизга нақадар қимматга тушгани ўз-ўзидан аён бўлади, деб таъкидлади Президент.