Германия ташқи ишлар вазири Ўзбекистонга ташриф буюради

Германия федерал ташқи ишлар вазири, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси Франк-Валтер Штайнмайер 30 март куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади. Бу ҳақида gazeta.uz сайти Германиянинг Тошкентдаги элчихонасига таяниб хабар тарқатди. У, шунингдек, ташриф доирасида Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам бўлади.

“Марказий Осиё стратегик аҳамиятга эга бўлган минтақа. Минтақа халқаро ҳамжамият эътибори соясида жойлашган. Бу ерда минтақадаги йирик давлатлар — Россия, Хитой ва Эрон манфаатлари тўқнаш келган”, деди Штайнмайер ташриф арафасида.

Вазирга кўра, минтақа улкан иқтисодий имкониятларга эга. Шу билан бирга, барқарорлик учун қатор таҳдидлар мавжуд. Айни пайтда Марказий Осиё мамлакатлари билан ижтимоий, маданий ва иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш имконияти мавжуд. Шунинг учун ҳам ЕХҲТ ушбу минтақада фаол иш олиб бормоқда.

Ушбу мамлакатларга ташрифи доирасида Германия ташқи ишлар вазири давлат раҳбарлари ва фуқаролик жамияти институти вакиллари билан учрашувлар ўтказади. Икки томонлама алоқаларни ривожлантириш билан бир қаторда, терроризмга қарши курашиш, минтақавий ҳамкорлик ва ЕХҲТ доирасида иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Германиялик дипломатга Бундестаг депутатлари, мамлакат иқтисодий ва маданий доиралари вакиллари ҳамроҳлик қилади.

SHARE