Ислом Каримов апрель ойи охирида Россияга ташриф буюради

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов шу йилнинг 25-26 апрель кунлари Россия Федерациясига давлат ташриф буюради. Бу ҳақида Россия молия вазири ўринбосари Сергей Сторчак ушбу мамлакат Сенати қўмитаси мажлиси чоғида маълум қилган.Унинг айтишича, ташриф доирасида Ўзбекистон қуролли кучларини модернизация қилиш учун асбоб-ускуналар етказиб бериш масаласи ҳам муҳокама қилинади.

“Шу йилнинг 25-26 апрель кунлари Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовнинг Москвага ташрифи режалаштирилган. Хусусан, Ўзбекистон Қуролли кучларини модернизация қилиш ва қайта жиҳозлаш учун Россия технологиясини етказиб бериш бўйича дастлабки келишувлар мавжуд. Бу Ўзбекистон раҳбарининг Москвага сафари чоғидаги асосий мавзулардан бири бўлади”, деди у.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилда Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовни Россияга расмий ташриф билан келишни сўраган эди.

“Шуни эслатиб ўтмоқчиманки, сиз анчадан бери бизга давлат ташрифи билан келганингиз йўқ. Биз тез-тез учрашиб турамиз, мулоқот қиламиз. Сиз Россияда кўп бўласиз, аммо расмий дипломатик мулоқотларда ҳам қандайдир маъно бор. Сизни Россия Федерациясига давлат ташрифи билан келишингизни таклиф қиламан”, деди В. Путин Ислом Каримов билан ШҲТ саммити арафасида ушрашганида.