АҚШда Ўзбекистон инвестициявий ва саноат салоҳияти тақдимоти ўтказилди

Виржиния штатининг Қишлоқ хўжалиги ва маиший хизматлар департаментида мамлакатимиз иқтисодий ва сармоявий салоҳиятининг тақдимоти бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикасининг Америка Қўшма Штатларидаги элчихонаси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда АҚШ ишбилармон доиралари, жумладан, Honeywell, Resource Recovery, APCO Worldwide, Bitdefender, Curtis, GenEdge, Mission:Mobility, World Affairs Council, Greater Richmond Partnership ва бошқа етакчи компаниялар вакиллари иштирок этдилар. Шу билан бирга, маросимда Виржиния университетининг профессор-ўқитувчилари ҳам ҳозир бўлдилар.

Тақдимот чоғида мамлакатимизда хорижлик сармоядорлар учун яратилган қулай шароитлар, жумладан, уларга берилган имтиёз ва афзалликлар хусусида атрофлича сўз борди. “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий ҳудуди, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналаридаги кенг қамровли имкониятлар ҳамда биргаликда амалга ошириш таклиф этиладиган конкрет сармоявий лойиҳалар Америка бизнес ҳамжамияти вакилларининг эътиборига ҳавола қилинди. Жорий йил апрел ойида қабул қилинган Саноат корхоналарини хусусийлаштириш дастури республика иқтисодиётининг стратегик жабҳаларида чет эл компанияларининг иштирокини кенгайтиришни кўзда тутиши алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, тадбир қатнашчилари Ўзбекистоннинг кейинги йиллар давомидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий натижалари, бой сайёҳлик салоҳияти ва маданий-тарихий меросига оид маълумотлар билан ҳам яқиндан танишдилар. Мамлакатимизнинг сармоявий салоҳияти, юртимиздаги бизнес иқлим, хусусийлаштириш рўйхатидан жой олган давлат корхоналарининг рўйхати, устувор сармоявий лойиҳалар цингари ва бошқа ахборот материаллари тақдимот иштирокчиларида катта қизиқиш уйгъотди. Буни улар айтган фикр-мулоҳазалардан ҳам билиш мумкин.

Масалан, «Доминион» энергетика корпорациясининг иқтисодий ривожланиш бўйича директори Чарлз Донато ёқилғи-энергетика соҳасида инновация технологияларини қўллаш ҳамда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш жабҳаларида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиши мумкин эканлигини қайд этди. У аниқ лойиҳалар ва уларнинг ҳаётга татбиқ этилишини муҳокама қилишга тайёр эканлигини ҳам билдирди.

Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш юзасидан самарали чора-тадбирлар кўрилаётгани ҳақида сўзлар экан, дунёдаги йирик юридик компания – Dentons LLP шериги Гули Сабахи Америка компанияларида республикамиз билан ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан қизиқишнинг тобора кучайиб бораётганини таъкидлади. Унинг айтишича, томонлар икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида, жумладан, Америка бизнес тизимлари раҳбарлари иштирокида турли ахборот тадбирлари, брифинглар ташкил этиш учун мазкур компаниянинг тижорат соҳасидаги кенг имкониятларидан фойдаланишлари мумкин.

Resource Recovery вакили Харри Келсо ўз компанияси илғор «яшил» технология асосида чиқиндилардан энергия ва иссиқлик ишлаб чиқариш билан шугъулланишини маълум қилар экан, Resource Recovery ҳозирги пайтда Ўзбекистон билан ҳамкорликни ўрнатиш ва уни кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини айтди.

Curtis юридик фирмасининг етакчи ҳамкори Борзу Сабахи Ўзбекистон иқтисодиётини ислоҳ этишнинг янги босқичи ҳисобланадиган Хусусийлаштириш давлат дастурига катта қизиқиш билдирди. У ўз компаниясида хусусийлаштириш ва монополиядан чиқариш бўйича жуда кўп экспертлар меҳнат қилишини, улар бу соҳада ўзбек мутахассисларини тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича амалий кўмак кўрсатиши мумкинлигини қайд этди.

Виржиния штатининг Қишлоқ хўжалиги ва маиший хизматлар департаменти Халқаро маркетинг бўйича офисининг директори Кийт Лонг ва T.K. Exports Inc. компанияси вакили Френк Грейвс икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги, жумладан, чорвачилик соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш учун салмоқли имкониятлар мавжуд эканлигини эътироф этдилар. Ф. Грейвс ўз компанияси гўшт-сут саноати учун зотдор қорамолларни минтақа мамлакатларига етказиб бериш бўйича кўп йиллик тажрибага эга эканлигини ва компания техникавий хизматларни кўрсатиш билан ҳам шугъулланишини маълум қилди.

Виржиния университети Бизнес мактабининг профессори Ван Вуд мазкур таълим муассасаси Хитой, Ҳиндистон ва жаҳоннинг бошқа мамлакатларидаги олий ўқув юртлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатганини айтди. У бизнес ва тиббиёт соҳаси учун ихтисослашган кадрлар тайёрлаш борасида Ўзбекистоннинг манфаатдор олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласида иш олиб боришга тайёр эканлигини таъкидлади.

SHARE