Ўзбекистон ва Тожикистон биринчи марта сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказди

Душанбе шаҳрида 24—25 декабрь кунлари Ўзбекистон ва Тожикистон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди. Таҳлилчилар фикрича, ушбу тадбир икки мамлакат ташқи ишлар маҳкамалари ўртасида ўтказилган илк маслаҳатлашувдир.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари бошчилигидаги икки давлат делегациялари ўзаро муносабатларнинг ҳолати ва ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди ҳамда долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашди.

Музокаралар давомида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда мавжуд шартномавий-ҳуқуқий негизни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Мулоқот чоғида икки томон савдо айланмасидаги товарлар ва хизматлар номенклатурасини диверсификация қилиш учун мавжуд салоҳиятни амалга оширишдан ўзаро манфаатдорлик таъкидланди.

Қайд этилганидек, 2015 йил 22—23 июнь кунлари бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг учинчи мажлиси ҳамкорликнинг энг долзарб йўналишларига эътиборни қаратиш имконини берди.

Томонлар маданий-гуманитар, илм-фан ва спорт соҳаларидаги алоқаларни янада ривожлантиришга тайёр эканлигини билдирди.

Шунингдек, ШҲТ ва МДҲни янада ривожлантириш истиқболлари, жумладан мазкур ташкилотлар доирасида икки давлат ҳамкорлиги масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Тожикистон томони ШҲТ салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган Ўзбекистон саъй-ҳаракатини юқори баҳолади. Ўзбекистон томони Тожикистонга мазкур ташкилотдаги Ўзбекистоннинг раислигини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик изҳор этди.

Учрашувда мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни конструктив тарзда биргаликда ҳал қилиш йўлларини излаш имконини яратувчи мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.