АҚШ Россияга қарши санкциялардан зиён кўраётган Марказий Осиё мамлакатларига иқтисодий ёрдам кўрсатади

АҚШ Вашингтон томонидан Россияга нисбатан жорий қилинган санкцияларнинг Марказий Осиё мамлакатларига қандай таъсир кўрсатишини яхши тушунади ва шу боис минтақанинг иқтисодий ривожланишига қаратилган дастурларни амалга оширишни давом эттиради. Бу ҳақида АҚШ Давлат котибининг Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Даниэл Розенблюм маълум қилди.

“Албатта, санкциялар Марказий Осиё мамлакатларига қарши қаратилмаган. Аммо улар ушбу минтақа иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатаётганлигини яхши тушунамиз”, деди у телефон орқали бўлиб ўтган мулоқотда.

Унинг айтишича, Россияга қарши санкциялар Минск битими тўлиқ бажарилмагунча амал қилади.

“Марказий Осиё минтақаси билан иқтисодий ҳамкорлик масаласига келадиган бўлсак, биз ушбу минтақанинг иқтисодий ривожланиши ва ўсишига хизмат қиладиган дастурларни амалга оширишни давом эттирамиз. Ушбу дастурлар мазкур мамлакатлар ҳукуматлари амалга ошираётган сиёсат билан уйғун бўлиб, бизнесни, хусусан, кичик ва ўрта бизнесни тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлашга қаратилган”, дея хулоса қилди у.