Халқаро арбитраж суди Oxus Gold компаниясининг Ўзбекистон ҳукуматига қарши даъвосини рад қилди

UNCITRAL Халқаро арбитраж суди Буюк Британиянинг Oxus Gold компаниясининг Ўзбекистон ҳукуматига қарши даъвосини рад қилди. Бу ҳақда компания тарқатган хабарга асосланиб “Kun.uz” хатар тарқатди.

“21 декабрь куни ҳакамлик суди Oxus Gold’нинг “Хондиза” лойиҳаси бўйича даъвосини бутунлай рад қилди, арбитраж суди, шунингдек, Британия компаниясининг “Амантайтау Голдфилдз” қўшма корхонаси бўйича даъвосини ҳам рад этди”, — дейилади хабарномада.

“Шу билан бирга, халқаро арбитраж суди Ўзбекистон ҳукуматига Британия компаниясига 1,03 миллион доллар ҳамда 2004—2010 йиллар учун фоизларни Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги инвестицияларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги келишувнинг бузилиши муносабати билан бадал пули сифатида тўлашни юклади”, — хабар қилади Oxus Gold.

2011 йил январида Ўзбекистон ҳукумати “Амантайтау Голдфилдз” қўшма корхонасини ривожлантириш ҳамда олтин қазиб олишни ошириш дастурининг реализацияси паст бўлганлиги муносабати билан ёпишга қарор қилди. Ушбу корхонанинг 50 фоиз улушига Oxus Gold эга эди. 2013 йилда компания Ўзбекистон ҳукуматини корхонанинг ёпилиши муносабати билан халқаро арбитраж судига берган эди.

Британия компанияси, шунингдек, ҳукуматнинг 2006 йилда Хондиза полиметалл конидаги ишланмалар бўйича унинг эксклюзив ҳуқуқлардан маҳрум қилиш борасидаги қарори устидан ҳам даъво киритган эди. Ушбу конь ўша йилнинг ўзидаёқ Олмалиқ тоғ-металлургия комбинатига топширилган эди. Ўзига етказилган умумий зарарни Oxus Gold 400 млн долларга баҳолаган эди.

2003 йил охирида “Омонтойтов Голдфилдз” Омонтойтов конида, Марказий Қизилқумда умумий қиймати 31 млн долларлик олтин қазиб олиш фабрикасини ишга туширди. Корхонанинг лойиҳавий қуввати оксидланган рудаларни қайта ишлаш бўйича йилига 1 млн тоннани, олтин ишлаб чиқариш бўйича йилига 6.3 тоннани ташкил қилган. Унинг акциядорлари Oxus Gold (50 фоиз), Ўзбекистон геология ва минерал ресурслар бўйича давлат қўмитаси (40 фоиз) ҳамда Навоий конь-металлургия комбинати (10 фоиз) эди. 2013 йил февралида Навоий вилоят хўжалик суди қўшма корхонани банкрот деб топди, унинг активлари Навоий конь-металлургия комбинати тасарруфига ўтказилди.

SHARE