Ўзбекистон ҳайдовчилик гувоҳномалари Жанубий Кореяда ҳам амал қилади

Шу йилнинг 24 декабрь куни 2015 йил 28 майда Сеул шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Корея Республикаси Ҳукумати ўртасида ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш ва алмаштириш тўғрисидаги битим кучга киради. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди.

Битимга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари назарий ва амалий имтиҳонлар топширмасдан ўз гувоҳномаларини Жанубий Корея ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштирганларидан сўнг Корея Республикаси ҳудудида транспорт воситаларини бошқаришлари мумкин.

Корея Республикаси ҳайдовчилик гувоҳномаси, башарти Корея Республикаси ваколатли органи томонидан қўйилган апостиль ҳамда Ўзбекистон Республикасидаги нотариал идора томонидан тасдиқланган ўзбек тилидаги таржимаси бўлган тақдирда, Ўзбекистон ҳудудида Ўзбекистон Республикаси ҳайдовчилик гувоҳномаси билан тенг равишда амал қилади, деб тан олинади.