Хитойни Ўзбекистон билан боғлайдиган темир йўл қурилиши 2016 йилда бошланиши мумкин

“Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон” темир йўл қурилиши 2016 йилда бошланади. Бу ҳақида Қирғизистон бош вазири Темир Сариев маълум қилди.

Унинг айтишича, ушбу темир йўл йўналиши қурилиши мамлакатларга денгизга чиқиш имкониятини яратади. Ҳозирги вақтда мазкур лойиҳа Хитой ҳукумати томонидан кўриб чиқилмоқда.

“Темир йўл қурилиши бизга иқтисодиётимизнинг ўсиши учун туртки бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари, мазкур лойиҳа доирасида инфратузилма объектларини қуриш ҳам режалаштирилган», – дея таъкидлади ҳукумат раҳбари.

Темир Сариевнинг қайд этишича, мазкур лойиҳа Хитойнинг “Ипак йўли иқтисодий камари” дастури асосида амалга оширилмоқда.

“Агар темир йўл қурилиши лойиҳаси ўз вақтида фойдаланишга топширилса, тез орада Қирғизистон орқали транзит йўли билан йилига 15-20 млн тонна юк ташиб ўтилади. Кейинчалик мазкур темир йўл йўналишини Эронга қадар узайтириш режалаштирилган”, – дея қўшимча қилиб ўтган Темир Сариев.

Эслатиб ўтамиз, Хитой Миллий ривожланиш ва ислоҳотлар комиссияси мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ва Савдо вазирлиги билан ҳамкорликда “Бир камар, бир йўл” деб номланувчи “Ипак йўли иқтисодий камари” ва “21 аср денгиз ипак йўли” концепцияни тайёрлади.

Янги Буюк Ипак йўлининг қуруқликдлаги қисми Сиань шахридан бошланиб, Ланчжоу ва Урумчи томон кенгаяди ва Марказий Осиё мамлакатлари орқали Яқин Шарққа ва ундан кейин Европага етиб боради. Буюк Ипак йўлининг денгиз қисми эса Гуандундан бошланиб Хайнань ороли орқали Хинд океанига чиқади. Ҳар икки йўл Венецияда бирлашади.

Хитой ҳукумати ушбу концепцияни амалга оширишга Ипак йўли жамғармасини ташкил қилиш орқали киришади. Айрим манбаларга кўра, мамлакат ушбу жамғармага 40 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратишни режалаштирмоқда. Жамғармани ташкил қилишдан мақсад Осиёнинг транспорт-коммуникация муаммоларини молиялаштириш орқали ҳал қилиш бўлиб, у “Ипак йўли иқтисодий камар” ва “21 аср денгиз ипак йўли” мамлакатлари иштирокида турли лойиҳаларга инвестиция киритиш ва молиявий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади.