Ўзбекистон ва Тожикистон сиёсий маслаҳатлашувлари номаълум муддатга қолдирилди

Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон РеспубликасиТашқи ишлар вазирликлари делегацияларининг сиёсий маслаҳатлашувларини ўтказиш кейинроқ муддатга қолдирилди. Илгари мазкур маслаҳатлашувларнинг 2015-йилнинг 17-18-декабр кунлари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтиши ҳақида ҳабар қилинган эди.

“РИА Новости” ахборот агентлигининг Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасига таяниб хабар қилишича, делегацияларни икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари бошқаради.

“Тошкент ва Душанбе ўртасида ТИВ маслаҳатлашувлари ҳеч қачон ўтказилмаган. Бу илк марта ташкил этилмоқда. Унда томонлар савдо-иқтисодий ва транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишади, шунингдек, минтақавий, шу жумладан, Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашишади”, деди элчихона вакили.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 23 июнь куни Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлиси 2009 йилдан сўнг биринчи марта бўлиб ўтди.

Мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар 1996 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида эркин савдога оид битим асосида изчил ривожланмоқда. МДҲ доирасида имзоланган Эркин савдо зонаси тўғрисидаги шартнома ҳам бу йўналишдаги ҳамкорликни фаоллаштиришга хизмат қилмоқда.

Икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми ўсиб бораётир. 2014 йил якунлари бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 160 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.