2015 йилнинг тўққиз ойида давлат бюджети даромади 26 триллион сўмдан ортиқни ташкил қилди

Жорий йилнинг 9 ой давомида Ўзбекистон Давлат бюджетининг даромадлар режаси 100,2 фоиз билан ижро этилди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, натижада бюджет даромадлари 26 триллион 338,4 миллиард сўмни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 22,4 фоизни ташкил этди. Ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда Давлат бюджети даромадлари 16,6 фоизга ошди.

Ҳисобот даврида солиқ органлари томонидан бюджетга 19 триллион 523,9 млрд. сўм маблағ ундирилди. Бу белгиланган режа 100,1 фоизга бажарилди, дегани.

Ишлаб чиқарувчилар ва аҳоли даромадларига солиқ юкини камайтириш мақсадида олиб борилаётган солиқ сиёсати йўналишлари доирасида жорий йилда айрим бевосита солиқларнинг ставкалари камайтирилишига қарамасдан, 2015 йилнинг 9 ойлигида бевосита солиқлар бўйича тушум 6 триллион 388,2 млрд. сўмни ташкил қилиб, 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 1 триллион 8,4 млрд. сўмга (18,7%) ошди.

Ҳисобот даврида билвосита солиқлар бўйича тушумлар 13 945,7 млрд. сўмни ташкил қилди ҳамда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 136,8 млрд. сўмга (18,1 фоиз) ошди.

Шу жумладан, бюджетга қўшилган қиймат солиғи бўйича тушган тушумлар 7 814,1 млрд. сўмни ташкил қилди ёки 2014 йилнинг мос даврига нисбатан 19,6 фоизга кўп. Акциз солиғи бўйича тушумлар 4 115,0 млрд. сўмни ташкил қилди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18,1 фоизга ошди.