Памела Спратлен: “Америкаликлар, ҳатто юқори лавозимли амалдорлар ҳам Тошкент, Бухоро,Самарқанд ва Хивага боришни исташади”

АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулотда ва Мухтор элчиси Памела Спратлен аньанага кўра, ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистлар билан учрашди. У ўз сўзида Ўзбекистонга келганига салкам бир йил бўлаётганини айтар экан, “мана шу бир йил бир пастда ўтиб кетгандек бўлди”, деди. Бу ҳақида “Шарҳ” интернет сайти хабар тарқатди.

“Ўзбекистонга икки томонлама хамкорлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида келдим. 2015 йилда кўп ишлар қилинди” дея ўз сўзига қўшимча қилди АҚШ элчиси. Шу ўринда у 2015 йилда Ўзбекистонга америкалик юқори лавозимли кўплаб мулозимларнинг ташриф буюрганини таъкидлаб ўтди.

Памела Спратлен Ўзбекистонда, хорижий тилларни, жумладан инглиз тилини ўқитишга катта эътибор қаратилаётганини айтар экан, бу борада тўрт нафар америкалик мутахассис Ўзбекистонда фаолият юритаётганини эслатиб ўтди. “Бошқа мамлакатларда америкалик икки нафар мутахассис борлигини инобатга оладиган бўлсак, бу катта кўрсаткич”, деди америкалик дипломат. АҚШда таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар сони 500га етгани ҳам тилга олинди.

АҚШ элчиси Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган иқтисодий ислоҳотларга ҳам юқори бахо берди. Хусусий мулк ва кичик бизнес ривожланиши борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар борасида алоҳида тўхталиб ўтди.

Шу билан бирга элчи, АҚШнинг элчихонаси Ўзбекистон расмийлари билан ҳамкроликда амалга ошираётган қўшма лойихалар борасида ҳам маълумот берди. “Ҳукумат билан мунтазам хамкорлик қилаяпмиз. Ислоҳотлар Ўзбекистон ҳукуматининг олдига қўйиган асосий мақсаддир” деди Памела Спратлен.

Бир йил мобайнида Самарқанд, Бухоро ва Нукусга расмий ташриф буюрганини, норасмий равишда эса Хивада бўлганини фахр билан қайд қилиб ўтди. “Кўп жойларда бўла олмадим. Аммо 2016 йилда Ўзбекистонннинг бир қатор вилоятларига боришни ният қилдим” деди АҚШ   элчиси.

Шу билан бирга у “ошхона дипломатияси” ҳақида ҳам маълумот берди. Оқ уй ошпазининг Ўзбекистонга келиши, ўзининг Ўзбекистон телеканалларидаги таом тайёрлаш дастурларида қатнашганини, бу томошабинлар томонидан эътироф этилганини фахр туйғуси билан таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди. Иқтсидлоий алоқалар борасида берилган саволга жавоб қайтарган элчи АҚШнинг бир қатор компаниялари Ўзбекистонда фаолият юритаётганини эслатиб ўтди. Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган халқаро Инвестиция анжуманида америкаликлар хам иштирок этганини, улар Ўзбекистонга катта қизиқиш билан қараётганини таъкидлади.

“Самарқандда консулхона очиш ниятингиз борми?” деган саволга хозирча Тошкентдаги элчихона барча талабларни қаноатлантириб келаётганини, шу сабаб бошқа минтақада консулхона очиш режаси йўқлигини билдирди. У малакали ўзбек мутахассислари АҚШга бориб, у ерда фаолият юритганларидан сўнг ўз ватанларига қайтаётганликларини хам маълум қилди.

“Ўзбекистоннинг тарихи бой, америкаликлар, хатто юқори лавозимли амалдорлар ҳам  Тошкент, Бухоро,Самарқанд ва Хивага боришни  исташади. Биз Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятини америкаликларга етказишимиз керак” деди Памела Спратлен.

Тадбир сўнгида АҚШ элчиси кириб келаётган янги – 2016 йилда Ўзбекистонликларга сихат саломатлик, бахт-саоат ва янгидан янги омадлар, муваффақиятлар тилади.

SHARE