Ўзбекистон ҳукумати телерадиоканаллардаги қўшиқ ва видеоклипларни танқид қилди

Ўзбекистон ҳукумати марказий телеканал ва радиоларда янграётган қўшиқларни танқид қилди. Бу ҳақида ҳукуматнинг тегишли қарорида қайд этилган. Унда айтилишича, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси телевидение ва радио дастурларининг юқори бадиий даражасини таъминлашга доир ишлари етарли эмас, азалий маънавий-маданий қадриятларга ва миллий урф-одатларга мувофиқ бўлмаган, камол топаётган авлодни маънавий-ахлоқий тарбиялашга салбий таъсир кўрсатадиган қўшиқлар ва видеоклиплар эфирга чиқишига йўл қўйилмоқда.

Ҳукумат қарорида ёзилишича, ушбу ҳолатлар маданий-томоша тадбирлар ўтказиш тартибининг қўпол тарзда бузилишига, эстрада ижрочилари томонидан одоб-ахлоқ меъёрларига риоя қилинмаслигига, улар томонидан бадиий жиҳатдан саёз мусиқий асарлар ижро этилишига олиб келмоқда.

Шулардан келиб чиқиб, ҳукумат телерадиокомпанияга тегишли бадиий кенгашлар фаолиятини танқидий кўриб чиқишни, маданий қадриятларга ва миллий урф-одатларга мувофиқ бўлмаган, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий тарбиялашга салбий таъсир кўрсатадиган қўшиқлар ва видеоклипларнинг эфирга чиқишига йўл қўймаслик талабини қўйган.

SHARE