Рустам Азимов ШҲТ ҳукумат раҳбарлари кенгашида иштирок этади

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов бошчилигидаги делегация 14-15-декабрь кунлари Чженчжоу шаҳрида (Хитой) бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар Ҳукумат раҳбарлари (бош вазирлар) кенгашининг 14-мажлисида иштирок этади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистон ҳукуматлари раҳбарлари ШҲТга аъзо давлатларнинг Кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурини амалга ошириш жараёнини ҳамда ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қиладилар.

Тадбирда ШҲТда кузатувчи давлатлар – Афғонистон, Беларусь, Эрон, Ҳиндистон, Мўғулистон ва Покистон вакиллари, шунингдек, ШҲТ ишчи органлари — Котибият, МАТТ ижроий қўмитаси, Ишбилармонлар кенгаши ва Банклараро бирлашмаси, қатор халқаро ва минтақавий ташкилот ва форумлар – БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси, МДҲ, АСEАН ва Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг раҳбарлари иштирок этадилар.

SHARE