Ўзбекистонлик эколог-олим Америкада тақдимотлар ўтказди

Маълумки, шу йилнинг сентябрь ойида БМТ Барқарор ривожланишнинг янги мақсадларини тасдиқлаб, унга биноан, 2015 — 2030 йилларда инсоният равнақининг 17 та глобал долзарб муаммолари ўз аксини топган. Улардан бугун қарийб барча давлатлар учун муҳим бўлган сув (6-банд), иқлим ўзгариши (13-банд) ва Ер (15-банд) муаммоларини алоҳида кўрсатиб ўтиш мумкин. Умуман айтганда, булар “экология” фундаментал тушунчасининг асоси бўлган “биогеоценоз ва экотоп”нинг асосий таркиби ҳисообланади.

“Экотоп”нинг уч унсури борлиқнинг асосий негизи ҳисобланади. Шунинг учун курраи замин “биосфера”си ушбу таркибий қисмларнинг ҳолатига билвосита боғлиқ саналади. Келгуси 15 йиллик учун белгиланган аниқ мақсадларни ҳал қилиш учун БМТ ҳар бир фуқаро, мамлакатлар ҳукуматлари, хусусий компаниялар ҳамда фуқаролик жамияти институтларидан ўз ҳиссасини қўшишни сўрамоқда. Шу йилнинг 1 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва АҚШ (C5+1) мулоқотида қабул қилинган декларацияда сув, иқлим ўзгариши ва Орол денгизи муаммолари соҳасида ҳамкорлик қилиш мақсадлари эълон қилинди.

Шу йилнинг 30 ноябридан 11 декабрига қадар Парижда БМТнинг иқлим ўзгаришлари бўйича халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Унда 196 мамлакат раҳбарлари ва делегациялари иштирок этиб, тарихий ҳужжатни қабул қилишди. Ушбу ҳужжатларнинг барчаси дунёда барқарор ривожланишга эришиш ҳисобланади. Уларнинг шиори “бугун келажак авлодга зарар етказмасдан яхши яшайлик” эканлиги ҳам диққатга сазовордир. Бу саъй-ҳаракатлар бевосита Марказий Осиё, шу жумладан, Ўзбекистон учун ҳам аҳамиятлидир.

Шу йилнинг 2-7 декабрь кунлари БМТда дунёга машҳур “Ротари клуби” ҳафталиги деб эълон қилинди. Мазкур клуб 1905 йилда ташкил этилган бўлиб, 1,2 миллион нафардан ортиқ аъзоси бор. Ушбу клубнинг Нью-Йорк бўлими ҳам катта обрўга эга бўлиб, унинг раҳбари юридик фанлар доктори Жен Браундир. Ҳафталик доирасида ташкил этилган анжуманда АҚШ, Аргентина, Чили, Бразилия, Россия, Покистон, Туркманистондан экспертлар иштирок этди.

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти доценти Шуҳрат Муродов “Марказий Осиёни мусаффо қилсак, дунёни мусаффо қиламиз” мавзуида тақдимот билан иштирок этди.
IMG_4466
Мазкур тадқиқотда Марказий Осиё экологик муаммоларига Ўзбекистон нуқтаи назаридан ёндашилган, минтақада сув муаммолари ва уларнинг ечимлари, шунингдек, ер деградацияси хусусида сўз боради.

7 ноябрь куни БМТда Шуҳрат Муродовнинг чўл ҳудудларида сув таъминоти барқарорлигини таъминлаш ва экология дарсликлари тақдимоти ўтказилди.АҚШ, Аргентинка, Эрон, Бразилия, Франция, Швеция, Монголия ва бошқа мамлакатлар вакиллари ушбу қўлланмаларга катта қизиқиш билдиришди. Ушбу қўлланмаларда мазкур муаммоларнинг Ўзбекистонда қандай ҳал қилинаётгани, трансчегаравий дарёлар масалалари ҳамда бу борада аниқ техник ечимлар тавсия қилинган.

Қайд этилганидек, Орол денгизи муаммоси бутун Ер шарига азоб бераётган “тикон” бўлиб, ушбу муаммо ҳал этилмас экан, заминимиз жисми учун улкан таҳдидга айланади. Олим ушбу муаммоларнинг ечими хусусида таниқли экспертлар билан фикр алмашди. Шуҳрат Муродовнинг фаолиятини инобатга олиб, у АҚШ сув ресурслари ассоциациясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди. 10 декабрь куни у Нью-Йоркдаги Колумбия университетида “Марказий Осиё: сув ва экология муаммолари, уларни ҳал қилиш йўллари” мавзуида, ушбу штатдаги St. Anthony School мактабида “Экология фани табиатни асраш асослари билан ўрганиш дастури” хусусида маъруза қилди.

Ушбу маърузалар, тақдимотлар доирасида америкалик олимлар, профессорлар, илмий муассасалар билан ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишиб олинди.