Ислом Каримов Туркманистонга ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан Туркманистон бетарафлигининг 20 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этиш учун 11-12 декабрь кунлари ушбу мамлакатда бўлди.

ЎзАнинг хабар беришича, Президент Ислом Каримов хорижий давлатлар раҳбарлари билан бирга Бетараф Туркманистон майдонига ташриф буюрди. Ушбу мамлакатнинг бетарафлиги тимсоли бўлган Бетарафлик монументи пойига гул қўйди.

1995 йил 12 декабрда Туркманистоннинг доимий бетарафлик мақоми тан олингани тўғрисида БМТ Бош Ассамблеясининг резолюцияси қабул қилинган.

Ушбу сананинг 20 йиллиги муносабати билан Ашхободда “Бетарафлик сиёсати: тинчлик, хавфсизлик ва тараққиёт йўлида халқаро ҳамкорлик” мавзуида халқаро конференция бўлди. Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади.

– Аввало, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва туркман халқини миллий байрам – Туркманистон бетараф мамлакат деб эълон қилинганининг 20 йиллиги билан самимий табриклайман, – деди Ислом Каримов.

Туркманистоннинг бетарафлик мақоми халқаро миқёсда эътироф этилиши мамлакат янги тарихида туб бурилиш қилган, давлат қурилишининг асосий босқичлари ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаб берган муҳим воқеалардан биридир.

БМТ Бош Ассамблеясининг 1995 йил 12 декабрда қабул қилинган «Туркманистоннинг доимий бетарафлиги» резолюцияси ўзига хос ноёб ҳужжатдир. Туркманистон БМТнинг ушбу резолюциясини мамлакатнинг Асосий қонунига киритиб, ўзининг бетарафлик мақомини конституциявий мустаҳкамлаган ягона давлатдир.

Бетарафлик мақоми нафақат Туркманистон халқининг узоқ муддатли манфаатларига, балки минтақамизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини исботлашнинг зарурати йўқ, деб ўйлайман, деди Ислом Каримов.

Туркманистонни бетараф давлат сифатида эълон қилиш тўғрисидаги қарор СССР парчалангандан сўнг, собиқ иттифоқнинг деярли барча республикалари ривожланишнинг мақбул йўлларини топиш, ўз мамлакати келажагини таъминлашнинг миллий моделини ишлаб чиқиш бўйича изланаётган бир пайтда қабул қилинди.

Собиқ иттифоқ республикалари ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда мустақил тараққиёт йўлини танлади.

Ёш ва мустақил Туркманистон учун бетарафлик мамлакат ички ва ташқи сиёсатини ўзида мужассам этган узоқ муддатли мақсад ва вазифаларни амалга оширишнинг ўзига хос шакли ва мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилди.

Йирик транзит-транспорт салоҳиятига эга Туркманистон айни пайтда қўшни давлатлар билан ҳамкорликда темир йўл, автомобиль, денгиз ва ҳаво йўллари орқали қатновни ўз ичига олган кенг тармоқли мультимодаль инфратузилмани шакллантирмоқда. Мамлакатларимиз транспорт йўллари минтақадаги барча давлатларнинг Эрон, Форс кўрфази ва Қора денгиз бўйида жойлашган мамлакатлар бандаргоҳларига, Жануби-шарқий Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бозорларига чиқишини таъминлайдиган ягона тизимнинг интеграциялашган бўғинига айланиши даркор.

Ўзбекистон Туркманистоннинг бетарафлиги бўйича вазмин ташқи сиёсат стратегиясини, халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, минтақамиз мамлакатларининг иқтисодий интеграциялашуви ва барқарор ривожланишига қаратилган ташаббусларини ҳамиша қўллаб-қувватлайди.

Туркманистоннинг амалий халқаро ҳамкорлик учун очиқлигини эълон қилган бетарафлик концепцияси бундан кейин ҳам мамлакат мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, унинг миллий манфаатларини халқаро миқёсда илгари суришга хизмат қилишига ишонамиз, деди пировардида Ислом Каримов.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Бунда аввало икки давлат раҳбарлари ўртасидаги яқин дўстлик, ишонч ва ҳурмат муҳим аҳамият касб этмоқда.

Учрашувда Ўзбекистон ва Туркманистон муносабатларига юқори баҳо берилди. Ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари, минтақавий ва халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Дунёнинг турли минтақаларида вазият кескинлашмоқда, терроризм, экстремизм ва наркотрафик хавфи ортиб бормоқда, деди давлатимиз раҳбари. Бугун терроризм турли шакл ва кўринишларда намоён бўлмоқда, унинг туб сабаб ва манбаларига қарши курашиш зарур.

Гурбангули Бердимуҳамедов Президентимиз Ислом Каримовга ушбу байрам ва халқаро конференцияда иштирок этгани учун миннатдорлик билдирди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Туркманистонга ташрифи ниҳоясига етди.

SHARE