Ислом Каримовнинг Россияга ташрифига тайёргарлик кўрилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Россияга давлат ташрифига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Буни оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган материаллар мисолида ҳам кўриш мумкин.

“Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Москвага ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатлар ривожланишига янада кучлироқ турктки беради”, деб айтди Ўзбекистоннинг Россиядаги ишлари бўйича вақтинчалик ишончли вакили Равшанбек Алимов “Спутник” нашрига берган интервьюсида.

“Жорий йилда бизнинг муносабатларнинг янада мустаҳкамланиши борасидаги энг муҳим воқеа Уфада ШҲТ доирасида Ўзбекистон ва Россия президентлари Ислом Каримов ва Владимир Путиннинг учрашуви бўлди. Учрашув давомида Россия Президенти Ўзбекистон Президентини Москвага ташриф буюришга таклиф қилди. Айни пайтда ушбу муҳим воқеага тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда”, деб айтди Алимов, бироқ ташриф санаси ҳақида маълумот бермади.

“Бўлиб ўтажак учрашув ва унда эришиладиган битимлар икки томонлама ҳамкорликнинг янада ривожланишига қўшимча кучли туртки беради”, деб қўшимча қилди Алимов.

Ўзбекистонлик дипломатнинг таъкидлашича, Ўзбекистон “Россия билан босқичма-босқич ва жадал ривожланаётган икки томонлама муносабатларни қадрлайди”. Алимовнинг айтишича, жаҳонда кучайиб бораётган баъзи салбий тенденцияларга қарамасдан, икки давлат ўртасидаги савдо охирги бир неча йил фақатгина ижобий динамикани намойиш қилмоқда.