Чикаголикларга ўзбек палови тортилди

Шу йилнинг 6 декабрь куни Чикаго ўзбек жамиятида анъанавий “Палов куни” нишонланди. Байрамда турли миллат вакиллари, хусусан, ватандошларимиз, озарбойжонликлар, америкаликлар, латвияликлар, қирғизлар, қозоқлар, руслар, турклар, саудияликлар ва бошқа миллат вакиллари иштирок этди.

Жамиятнинг фейсбукдаги саҳифасида хабар беришича, байрам мароқли ва қизиқарли ўтди. Меҳмонларга етти хил палов тортилди. “Бедана тухумию каватаклар билан, мол гўштию қўй гўштлари билан, зиғир ёғию нўхатлар билан қилинган ширин паловларни еб меҳмонлар мазза қилишди”, дейилади хабарда.

Чикаго Ўзбек—Америка ассоциацияси вице-президенти Фаррухбек Шамсутдинов байрамни очиб берди. Тадбир давомида палов тарихи ҳақида қисқача ахборот берилди, ўзбек паловини қандай тайёрлаш ҳақида маълумот янгради, палов ҳақида мақоллар айтилди, сабзи тўғраш мусобақаси, миллий либослар кўргазмаси бўлиб ўтди.

Қозоғистонлик меҳмон домбра чалиб одамларни ҳурсанд қилди. “Тадбир охирида меҳмонлар ўзлари билан қўшимча палов олиб кетганидан билса бўладики, тайёрлаган паловларимиз меҳмонларга маъқул келди. Яна шуни айтиш керакки, ўзбек паловларини одамлар ҳали ҳам севиб истеъмол қилишади” деб якунланади хабар.

 

SHARE