Ўзбекистон сенаторлари «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги қонунни маъқуллашди.

Сенат матбуот хизматининг хабар беришича, ушбу ҳуқуқий ҳужжат давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга, аҳолига, жисмоний ва юридик шахсларга ахборот-коммуникация технологияларидан (АКТ) кенг фойдаланиш орқали давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган.

Қонун «электрон ҳукумат» фаолиятини ташкил этишнинг давлат органлари фаолиятининг очиқ-ошкоралиги, даъво қилувчиларнинг электрон давлат хизматларидан тенг фойдаланиши, ахборот хавфсизлигини таъминлаш каби принципларини мустаҳкамлайди.

Қонун шу жумладан, «бир дарча» принципи асосида электрон ҳужжат алмашиш имкониятларини кенгайтирмоқда, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро алоқанинг самарали механизмларини яратишни, электрон давлат харидлари тизимини ривожлантиришни назарда тутмоқда.

Қонунда электрон давлат хизматларини кўрсатувчи Вазирлар Маҳкамасининг, марказда ва жойлардаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари, функциялари, шунингдек, фуқароларнинг, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ушбу соҳадаги ҳуқуқлари белгилаб берилмоқда. «Электрон ҳукумат»фаолиятининг тартиби, асосий инфратузилма хусусиятлари белгиланмоқда.

Ўзбекистон Республикасида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида яратилган норматив-ҳуқуқий база туфайли ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали, Ягона интерактив давлат хизматлари портали фаолият кўрсатмоқда. Мазкур портал 250 дан ортиқ хизмат турларини, шу жумладан, Интернет орқали бизнесни рўйхатдан ўтказиш хизматларини назарда тутади.

Сенаторларнинг фикрича, «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг кучга кириши электрон давлат хизматларини кўрсатиш тизимини ривожлантириш соҳасидаги навбатдаги муҳим қадам бўлади, турли маъмурий тартиб-таомилларни янада енгиллаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ҳамда ошкоралигини таъминлаш, самарадорлигини ошириш учун ҳуқуқий асос яратади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Қонун Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланиши ва матбуотда эълон қилиниши лозим.