Эдгарс Бондарс: “Латвия ва Ўзбекистон ҳамкорлигини пирамидага ўхшатаман”

Латвия – Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги учинчи иқтисодий ҳамкори. Мамлакатлар ўртасида турли жабҳаларда ҳамкорлик йўлга қўйилган. Латвия Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Эдгарс Бондарс биз билан суҳбатда ўзаро робитани янада кенгайтириш истиқболлари ҳақида сўзлаб берди.

XX асрда Латвия икки бора мустақил давлат тузиш имконига эга бўлди. Хусусан, 1918 йил 18 ноябрда бир гуруҳ ватанпарварларнинг ташаббуси билан Латвия Республикаси эълон қилинди. Ушбу тарихий ҳодисага ҳам салкам бир аср бўлди. Элчи жаноблари, айтинг-чи, 18 ноябрь санаси халқингиз, хусусан, ёш авлод ҳаётида бугун қандай ўрин тутади?

– 18 ноябрь – Латвия тарихидаги шонли саналардан бири. Кўнглида эрк туйғусини сақлаб қола олган ватандошларимиз ҳатто собиқ Иттифоқ даврида ҳам ушбу санани яширин равишда байрам қилган. Мустақиллик кутилмаган туҳфа, иноят бўлиб туюлиши мумкин. Ваҳоланки, давлатимиз унга эришиш учун олис ва машаққатли йўл босиб ўтди.

Латвия тарихан тиғиз жуғрофий минтақада – катта салтанатлар манфаатлари кесишган чорраҳада жойлашган. XII аср охирида юртимиз ҳудудида илк давлатчилик муносабатлари пайдо бўлди, маҳаллий қабилалар бир туғ остига бирлаша бошлади. Айни шу кезларда Латвия заминига салибчиларнинг ҳам қадами етди. Уларга қарши уруш эса салкам юз йилга чўзилди. Тарих халқимиз иродасини яна кўп бора синовдан ўтказди. Кейинги асрларда бирин-кетин польяк, швед, рус, олмон қўшинлари юртимизни забт этди. Суҳбатимиз чўзилиб кетмасин, мустамлака даврларда Латвия халқига ўгай назар билан қаралгани тафсилотларига тўхталмай қўяқолай.

XIX асрда Европа бўйлаб миллий уйғониш ҳаракати кенг қулоч ёйди. Жумладан, Латвияда ҳам миллий озодлик тўлқини юзага келди. Биринчи жаҳон урушидан кейин Русия империяси тарих саҳнасидан тушди, олмон давлати парчаланди. Ўша қалтис паллада – 1918 йил 18 ноябрда жасур миллатпарварларнинг ташаббуси билан мустақил Латвия Республикаси тузилгани эълон қилинди. Таҳликали дамлар эди ўшанда. Негаки, жаҳон муҳорабаси тугаган бўлса-да, бир неча хорижий давлат Латвия ҳудудидан ўз қўшинини олиб чиқиб кетмаган эди. Шу тариқа, мустақилликни ҳимоя қилиш учун омонсиз курашлар кечди. Хусусан, 1919 йил 11 сентябрда Латвиянинг эрксевар ўғлонлари озодлик учун мардона жанг қилди…

Аммо икки йирик давлатнинг ўзаро келишуви билан 1930-йиллар охирида Латвия мустақилликдан маҳрум этилди. Мустақилликни тиклаш уринишлари эса ярим асрга чўзилди. 1980-йиллар охирида Латвия йўқотган хазинасини қайта топди – асрлар бўйи интилган мустақилликни қайта қўлга киритди. Латвия тарихида ёрқин из қолдирган эрксевар инсонлар, озодлик курашчилари номини биз ҳамиша эҳтиром ила ёдга оламиз.

Riga1

– Жорий йил 12 ноябрь куни Тошкентда Иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Латвия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мазкур тадбир якунлари хусусида сўзлаб берсангиз.

– Ҳукуматлараро комиссия икки давлат ўртасида муносабатларни ривожлантиришда муҳим механизм саналади. Мен мамлакатларимиз ҳамкорлигини пирамидага ўхшатаман. Пирамида метиндек мустаҳкам бўлмоғи учун унинг ҳар бир узви, ҳар бир қисми пишиқ-пухта эканига эътибор қаратиш лозим. Бунга эса давлат раҳбарлари даражасида аҳамият берилмоқда. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 2013 йил октябрда Латвияга давлат ташрифи билан борган. 2014 йилнинг майида Латвия Президенти Андрис Берзиньш Ўзбекистонга жавоб ташрифи билан келди. Яъни икки мамлакат ўртасида энг юксак доирада доимий дўстона фикр алмашувлар йўлга қўйилган.

Ўзаро мулоқотнинг мантиқий давоми саналган навбатдаги ҳукуматлараро комиссия ҳам самарали ўтди. Латвия делегацияси Тошкентда юқори даражада қабул қилинди. Кўп томонлама алоқаларни кенгайтириш бўйича келишиб олинди, ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди. Мен Ўзбекистон томонининг ўз салоҳиятини дид ва маҳорат билан намойиш этишига ҳамиша тан бераман. Ҳукуматлараро комиссия ишига ҳам мамлакатингиз пухта тайёргарлик кўрганини алоҳида таъкидлашни истардим.

Латвия савдо-иқтисодий йўналишда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги учинчи ҳамкори саналади. Айни пайтда йиллик савдо айланмаси 250 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда. Албатта, глобал молиявий ўзгаришлар сабабли мазкур кўрсаткич бироз пасайди. Аммо ишончим комилки, мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, келгусида савдо айланмаси янада кўпайтирилади.

– Транспорт ва логистика икки давлат ҳамкорлигининг устувор йўналишларидан экани сир эмас. Ўзбекистон тарихан Буюк ипак йўлида жойлашган. Портлар мамлакат бўлмиш Латвия эса азалдан савдо ва тижорат маркази бўлиб келган. Мамлакатларимизнинг бу борадаги ҳамкорлиги қай аҳволда?

– Тўғри таъкидладингиз, транспорт ва логистика ҳар икки томон манфаатига уйғун истиқболли йўналишлардир. Жорий йил 11-13 ноябрь кунлари Тошкентда “Транспорт ва логистика” деб номланган халқаро кўргазма бўлиб ўтди. Мазкур кўргазма стендларининг чорак қисми Латвия компанияларига тегишли эди. Биргина мазкур рақамнинг ўзи Латвия Ўзбекистон билан ушбу йўналишда янада фаол ҳамкорлик қилишга интилаётганини тасдиқлайди.

Латвия транспорт инфраструктурасини муттасил янгиламоқда. Портлар ва авиақатновлар кенгайтирилиб, темир йўллар тизими замонавий талаблар асосида ислоҳ этилмоқда. Моҳир спортчи ўз танасини чиниқтириш, мускулларига ишлов бериш учун муттасил машқ қилганидек, Латвия транспорт ва логистика мутахассислари ҳам тизимни такомиллаштиришга интилмоқда. Латвиянинг Тошкентдаги элчихонаси ҳам қўлдан келганча ўзбекистонлик ҳамкорларга кўмаклашмоқда.

Ўзбекистон муҳим жуғрофий минтақада жойлашган бўлиб, бу ерда қадимдан савдо алоқалари тараққий этган. Айни чоқда, Латвия Европа дарвозаси саналади. Латвия портлари орқали Европа мамлакатларига чиқиш имкони мавжуд. Ўзбекистон эса европалик ҳамкорларга турли сифатли маҳсулотлар таклиф этмоқда.

– Бугун Латвия олий таълим масканларида кўп сонли ўзбекистонлик талабалар таҳсил олмоқда. Ушбу жабҳадаги алоқаларни қандай баҳолайсиз?

– Ўзбекистонлик талабалар Латвия олий ўқув юртларида ўз ўрнига эга. Улар Латвияда таҳсил олиб, Европа Иттифоқи даражасида дипломга эга бўлмоқда. Ўзбекистондан борган ёш ва билимдон йигит-қизлар таҳсил олибгина қолмай, у ерда мамлакатингиз маданиятини ҳам ёймоқдалар. Таъбир жоиз бўлса, кўп миллатли Латвия жамиятига янги нафас, ўзига хос руҳ олиб кирмоқдалар. Кейинги йилларда Латвияда Ўзбекистон маданияти, санъати ва анъаналарига қизиқиш кучайди. Бунда илмга чанқоқ талаба ёшларнинг ҳам хизмати бор, албатта.

Юртдошларим ўзбек таомларини айрича хуш кўради. Латвиянинг турли шаҳарларида ўзбек ресторанлари ишлаб турибди. Ригадаги марказий бозорда эса ўзбек нонвойхонаси бор (дарвоқе, бу Европадаги энг йирик усти ёпиқ бозор ҳисобланади). Йилнинг исталган фаслида боринг, одамлар ўзбек нонига турнақатор навбатда турганига гувоҳ бўласиз.

Мамлакатларимиз ўртасида туризм ҳам ривожланмоқда. Айни пайтда ўнлаб Латвия фирмалари Самарқанд каби тарихий шаҳарларга саёҳат уюштирмоқда. Аввало, икки давлат ягона иттифоқ таркибида бўлган даврларни кўрган авлоднинг Ўзбекистонга қизиқиши кучли. Қолаверса, ёшлар орасида ҳам тўрт минг йиллик цивилизацияга эга юртингизни ўз кўзи билан кўришга иштиёқмандлар кўпайиб бормоқда. Ўз навбатида ўзбекистонликлар ҳам Латвиянинг тарихий шаҳарлари, мўътадил иқлими ва денгизини қадрлайди. Демак, бу соҳада ҳам кўплаб йирик лойиҳалар амалга ошириш мумкин.

– 2004 йилда Латвия Европа Иттифоқининг тенгҳуқуқли аъзоси бўлди. Бу тарихий воқеа замонавий Латвия тараққиётида янги саҳифа очди. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида эса Латвия илк бор ЕИ Кенгашига раислик қилди. ЕИ каби нуфузли бирлашмага раислик қилиш катта масъулият, шундай эмасми?

– Лиссабон шартномасига кўра, раислик қилувчи давлат ЕИ Кенгаши фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди. Латвия ўз раислик муддатида бир талай муҳим масалалар қаторида ЕИнинг Марказий Осиё билан ҳамкорлигига ҳам алоҳида эътибор қаратди. 2008 йилда ЕИнинг Марказий Осиё билан ҳамкорлик стратегияси қабул қилинган эди. Латвия раислик даврида ушбу ҳужжатни қайта кўриб чиқиш, сарҳисоб қилишни таклиф этди. Асосий воқеалар Брюссель ҳамда Ригада кечди, аммо биз ҳам қўл қовуштириб ўтирганимиз йўқ. Хусусан, Ўзбекистонда экологик тоза энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги, таълим, транспорт ва логистика каби мавзуларда илмий-амалий семинарлар ўтказдик. Бу борада Латвиядан мутахассислар таклиф қилдик. Мазкур семинарлар эса санаб ўтилган тўрт йўналиш бўйича доимий мулоқот ва фикр алмашувларини йўлга қўйишга хизмат қилди. Масалан, экологик тоза энергия ресурсларидан фойдаланиш бўйича семинардан кейин Ўзбекистонда ушбу йўналишда фаолият юритаётган Латвия компаниялари уюшмасини таъсис этиш ғояси туғилди. Айни пайтда уюшмани рўйхатдан ўтказиш жараёни кетмоқда.

Латвиялик мутахассислар ўзбекистонлик ҳамкорларга қишлоқ хўжалиги бўйича билим ва тажрибаларини ҳам етказмоқда. Гап шундаки, Европага қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш учун муайян талаб ва стандартларга жавоб бериш лозим. Латвия эса бу борада катта тажрибага эга. Ўзбекистоннинг унумдор замини ва тоза ҳавосида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Европа бозорларида ҳам ўз ўрнини топишига шубҳам йўқ.

Ишонч ёрлиғини топшириш пайтида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан қисқа муддат суҳбатлашиш имконига эга бўлдим. Ўшанда у киши “Латвия орқали Европага Ўзбекистоннинг қуёши тафтини экспорт қилиш керак”, деган эди. Бу фикрда ўзига хос рамзий маъно бор.

Собир Салим суҳбатлашди.

SHARE