Туркия томонидан Россия ҳарбий самолёти уриб туширилиши сиёсий инқирозга олиб келадими?

Туркия Сурия билан чегараси ҳудудидаги Су-24 русумли қирувчи ҳарбий самолётини ўз ҳудудий суверенитетини ҳимоя қилиш мақсадида уриб туширган. Туркия тарафи “бу ҳаракат қайсидир бир мамлакатга қарши ҳужум сифатида баҳоланмаслиги керак”лигини қайд этди.

Россия Мудофаа вазирлиги вакилларининг таъкидлашича, самолёт фақат Сурия ҳудудида парвоз қилган.

Россия Президенти Владимир Путин Туркия томонидан ҳарбий самолётнинг уриб туширилишини “орқадан берилган зарба” деб баҳолади.

“Бу воқеа террорчиликка қарши кураш доирасидан чиқиб кетади. Албатта, бизнинг ҳарбийларимиз террорга қарши қаҳрамонларча курашмоқда, ўз ҳаётларини аямаяпти. Аммо бугунги йўқотиш террорчиларнинг гумашталари томонидан орқамиздан берилган зарба бўлди. Мен буни бошқача тушунтира олмайман”, деди у.

Путиннинг қўшимча қилишича, бу воқеа АҚШ билан ҳаводаги кўнгилсизликларнинг олдини олиш борасида келишув имзоланишига қарамай содир бўлди. Ўз навбатида, АҚШ Давлат департаменти Россия ва Америка ҳарбий ҳаракатлардаги келишуви Туркия билан ҳолатга тааллуқли эмаслигини маълум қилди. Россия томони бу инцидент Туркия билан алоқаларга таъсир ўтказишини қайд этди.

Туркия аъзо бўлган Шимолий атлантика альянси — НАТО Туркиянинг позициясини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Томонларни масалага босиқлик билан ёндашишга чақиришди.

Ҳозирча Россия ушбу ҳаракатга қандай жавоб қайтариши номаълум. Хабарларда айтилишича, Россия мудофаа вазирлиги Туркия билан барча даражада ҳарбий алоқаларни тўхтатган.

Умуман, аксарият мамлакатлар раҳбарияти воқеа юзасидан ўз фикрини билдириб, вазиятга совуққонлик билан муносабат билдиришни сўрашмоқда.

SHARE