Ўзбекистон маҳсулотлари “Европада ишлаб чиқарилган” тамғаси остида экспорт қилиниши мумкин

Ўзбекистон ва Латвия қуритилган мева маҳсулотларини Рига эркин зонаси орқали Европа Иттифоқига экспорт қилиш имкониятларини муҳокама қилишмоқда. Ригада мева маҳсулотлари қуритилади, тозаланади, сараланади ва қайта қадоқланади. Янги қадоқда ишлаб чиқарувчи мамлакат “Ўзбекистон” сифатида кўрсатилмасдан, “Made in EU” (“Европада ишлаб чиқарилган”)тарзида бўлади. Бу ҳақида BaltNews.lv сайти хабар тарқатди.

— Латвия стивидор компаниялари ассоциацияси (юк ташувчилар) Ўзбекистон бизнесни ривожлантириш ва логистика ассоциацияси билан ҳамкорлик тўғрисида битим имзолади, — дейди ушбу ассоциация раҳбари Улдис Папанс. — Биз давлатларимиз тадбиркорлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш учун шароитлар яратамиз.
Латвия тарафи ўзбекистонлик тадбиркорларни Рига эркин портига таклиф қилишмоқда. Бу ерда тадбиркорлар инвестиция киритиш имкониятига эга бўлишади.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги элчиси Афзал Ортиқовнинг фикрича, Ўзбекистон ва Латвия тадбиркорлари Рига эркин портида қўшма корхоналар ёки “хаблар” ташкил қилиши мумкин.

Латвия тарафи порт ҳудудидан жой ва омборхона ажратиб бериши, ўзбекистонлик тадбиркорлар эса асбоб-ускуналарни ўрнатиб, икки йўналишда ишлашлари мумкин. Биринчиси, қуритилган мевалар Рига эркин портига олиб келинади. У ерда мева маҳсулотлари қуритилади, тозаланади, сараланади ва қайта қадоқланади. Янги қадоқда ишлаб чиқарувчи мамлакат “Ўзбекистон” сифатида кўрсатилмасдан, “Made in EU” тарзида бўлади. Томонлар, албатта, ушбу маҳсулотнинг нархи, маркетинг сиёсати тубдан ўзгариб, экспорт учун имконият эшиклари янада кенгаяди. Бинобарин, Ўзбекистон тадбиркорлари Европа Иттифоқи ва Скандинавия бозорларига кириб боришни истаётган экан, демак, бу айни муддао бўлади.

Иккинчи йўналишда эса Ўзбекистондан тўқимачилик маҳсулотлари олиб келинади ва Рига эркин портида экологик тоза ички кийимлар ишлаб чиқилади ҳамда Европа Иттифоқи тамғаси остида экспорт қилинади.