Ўзбекистонда давлат гранти асосида ўқиётган талабалар таълимининг тартибини ўзгартириш режалаштирилмаяпти

Ўзбекистонда давлат таълим стандартлари доирасида таълим олишнинг ҳамма учун очиқлигини кафолатловчи олий таълим соҳасидаги давлат сиёсати тамойилларидан келиб чиқиб, олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартиби ўзгаришсиз қолдирилади.

Бу ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизматининг 11 ноябрь куни депутатлар томонидан тасдиқланган 2016 йилги Давлат бюджети юзасидан тарқатган навбатдаги ахборотида маълум қилинган.

Қайд этишларича, бюджет сиёсатининг асосий йўналишларида таълим олишнинг амалдаги тартибига ва олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ёки тўлов-контракт асосида қабул қилинган талабаларнинг ўқишини кўчиришнинг амалдаги қоидаларига ўзгартиришлар киритиш назарда тутилаётгани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, бир қатор интернет нашрлари бюджет маблағлари асосида таҳсил олаётган ҳамда “уч” баҳога ўқийдиган талабалар кейинги ўқув йилидан тўлов-контракт асосида ўқишга ўтказилиши ҳақида хабар тарқатган эди.

SHARE