Қандим газни қайта ишлаш заводи 2018 йилда ишга туширилади

Ўзбекистондаги йирик лойиҳалардан бири — Қандим газни қайта ишлаш заводи 2018 йилда фойдаланишга топширилади. Бу ҳақида «ЛУКОЙЛ» нефть компанияси президенти Вагит Алекперов  Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов билан мулоқот чоғида маълум қилди.

Бугунги кунда «ЛУКОЙЛ» Ҳавзак, Шоди, Қўнғирот конлари ва Қандим конлар гуруҳи каби истиқболли газ конларини ўрганиш ва ўзлаштириш, Жануби-ғарбий Ҳисор ва Устюрт минтақасидаги нефть-газ участкаларини ўрганиш бўйича инвестициявий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Ҳамкорликдаги геология-қидирув ишлари доирасида Орол денгизи акваториясининг Ўзбекистон қисмида истиқболли углеводород конлари топилди. Компаниянинг мамлакатимиздаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирган жами инвестициялари ҳажми 5 миллиард доллардан ошди.

«ЛУКОЙЛ» айни пайтда энг илғор технологияларга асосланган Қандим газни қайта ишлаш заводи қурилишига киришди. Бу замонавий завод йилига 8 миллиард куб метр табиий газни чуқур қайта ишлаш қувватига эга бўлади.

Учрашувда В.Алекперов 2018 йилда фойдаланишга топширилиши мўлжалланган ушбу лойиҳа Ўзбекистон саноатини янада ривожлантириш ва кенгайтиришга қаратилган 2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастури доирасида амалга оширилаётганини таъкидлади. «ЛУКОЙЛ» компанияси Ўзбекистон нефть-газ тармоғидаги инвестициявий лойиҳалар доирасида қабул қилган барча мажбуриятларини тўла ва ўз вақтида бажаришини қайд этди.

SHARE