Тошкент халқаро инвестициявий форумида 12,4 миллиард долларлик битимлар имзоланди

Тошкентда Халқаро инвестициявий форум бўлиб ўтди.

Форумда дунёнинг 33 давлати фирма ва компаниялари, инвестиция фондлари ва банклар, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки ва бошқа етакчи халқаро иқтисодий ҳамда молия институтларининг 560 вакили, олимлар, экспертлар иштирок этди.

Унда халқаро анжуман доирасида умумий қиймати 12,4 миллиард долларлик 100 дан ортиқ битим ва меморандум имзолангани эълон қилинди. Шунингдек, бошқа янги инвестициявий лойиҳалар бўйича музокаралар давом этаётгани ҳам қайд этилди.

— Кейинги ўн йилда Ўзбекистонга тез-тез келиб тураман ва мамлакатингизда хорижий инвесторларга давлат томонидан кенг имкониятлар яратилаётганига гувоҳ бўлмоқдаман, – дейди «Lotte Chemical» компанияси президенти Хо Су Йонг (Жанубий Корея). — Жумладан, яқинда компаниямиз иштирокида Сурғил кони негизида Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилиши якунланди. Қиймати қарийб 4 миллиард долларни ташкил қилган ушбу завод табиий газни қайта ишлаб, турли қалинликдаги полиэтилен, полипропилен ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаради.

Форумнинг шўъба мажлисларида хусусийлаштириладиган муайян объектлар тақдимотлари бўлиб ўтди. Ёқилғи-энергетика мажмуаси, машинасозлик, Ахборот-коммуникация технологиялари, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, халқаро туризм соҳаларининг инвестициявий имкониятлари, чет эл капиталини хусусийлаштириш жараёнлари ва истиқболли инвестициявий лойиҳаларга жалб этиш учун ишбилармонлик муҳити ва инвестиция иқлимини такомиллаштиришга оид масалалар муҳокама қилинди.