Шамсиддин Ваҳобов 14 ёшли шахматчилар ўртасида жаҳон чемпиони бўлди

Грециянинг Халкидики шаҳрида шахмат бўйича 8 ёшдан 18 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати якунланди. Мусобақа швейцарча тизимда ўтказилиб, ғолиб ва совриндорлар 11та тур якунига кўра аниқланди.

Жаҳон чемпионатида 122 давлатдан 1600 нафардан зиёд шахматчилар ўз имкониятларини синовдан ўтказишди. Улар орасида Ўзбекистон шарафини Маматқул Ҳайлаев ва гроссмейстер Марат Жумаев мураббийлигидаги 15 нафар ёш шахматчилар ҳимоя қилишди.

14 ёшли ўсмирлар гуруҳида иштирок этган Шамсиддин Воҳидов 11 имкониятдан 9 очко жамғариб, ўз ёш тоифасида жаҳон чемпионига айланди. Бу ҳақда “Оламспорт.сом” нашри хабар берган.

Хабар қилинишича, Ваҳобов сўнгги 11-турда оқ доналарда ўзи сингари 8 очко жамғариб турган россиялик Тимур Фахрутдиновни мағлубиятга учратди. Шамсиддин сингари 9 очко жамғарган яна бир россиялик шахматчи Андрей Есипенко қўшимча кўрсаткичларга кўра кумуш медал билан тақдирланди. 8,5 очко тўплаган эронлик Арян Голами бронза медалига сазовор бўлди.

Жаҳон биринчилигида ҳиндистонлик ёш спортчилар жами 11 та (ўшалардан 5 таси олтин) медални ютиб олиб, пешқадам бўлди. Россия ва АҚШ шахматчилари 4 тадан медални қўлга киритган бўлса-да, битта ҳам олтин медаль ололмади.

Қолган олтин медаллар Эрон, Болгания, Озарбайжон, Германия, Греция, Ўзбекистон ва Вьетнам ўғил-қизларига насиб этди.

SHARE