Ўзбек адибасининг асари — халқаро танлов финалида

Ўзбек адибаси Шаҳодат Улуғнинг икки қисмдан иборат “Жайҳун эпкинлари” романи Open Eurasia and Central  Asia Book Forum & Literature Festival халқаро адабий танлов финалига чиқди. Бир неча насрий китоблар муаллифи бўлган Шаҳодат Улуғ Навоий вилоятининг кўҳна Нурота шаҳрида туғилган. 1993 йилда ТошДУ журналистика куллиётини тамомлаган. Ўтган йили “Янги аср авлоди” нашриётида чоп қилинган романи айни пайтда Афғонистонда ҳам нашрга тайёрланмоқда.

Моҳиятига кўра тарихий-эпик асар саналган “Жайҳун эпкинлари” замонавий Ўзбек адабиёти бағрида яратилган, шунингдек, аёл адиба қаламига мансуб кам сонли ва ёрқин асарлар сирасига киради. Қуръоний тимсоллар билан зийнатланиб, назмий эҳтирослар билан тўйинтирилган услубда битилган ушбу китоб ўқувчини юртимизнинг улуғвор ва айни пайтда ғуссаларга тўла ўтмиши томон етаклайди. Бу ўтмишнинг салмоқли саҳифаси ўлароқ Тарихга битилган Хоразмшоҳлар салтанатининг – Помиру Тиёншонгача, Форс кўрфазидан Фирот ва Дажла соҳиллари қадар ўз таъсирини ёйган бу давру даврон салтанатнинг юксалиш ва инқирозидан ҳамда сўнгги ҳукмдор Жалолиддин Мангубердининг Чингизий мўғул истилочиларига қарши беомон курашидан, унинг бутун шаънли ҳаёти ҳолотларидан ҳикоялар сўзлайди.

Cover

Ўзбекистон Халқ шоири, юртимиз тарихининг етук билимдони Хуршид Даврон қаламига мансуб сўзбошидан иқтибос:

ХУРШИД ДАВРОН“Бу асарнинг кўпчилигимиз ўрганиб қолган тарихий романлардан фарқи шундаки, унда ёзувчи  китобхон диққатини фақатгина буюк тарихий сиймолар ҳаёти ва фаолиятига ёки кўпроқ ижтимоий-сиёсий воқеаларга эмас, балки ўша тарихий шароитда кун кечирган оддий инсонлар ва оилалар тақдирига қаратади. Ўқувчи яна билсинким, тарихий асар ёзишни мақсад қилган ижодкор учун у диққат қилган давр тарихинигина билиш кифоя қилмайди. Бунинг учун ўша давр миллий мафкурасини, бу мафкуранинг асоси бўлмиш Ислом ақидаларини, айни шу мафкура таъсирида шаклланган умуммиллий дунёқарашни, халқнинг турмуш тарзи, эътиқоди ва қадриятлари, тасвир этилаётган даврга хос маданият, санъат, халқ оғзаки ижоди ва яна кўп нарсани яхши билиш керак бўлади. Мен бу гапларни бекорга айтаётганим йўқ. “Жайҳун эпкинлари” романи билан танишиш жараёнида адиба тарихий мавзу шартларини уддалаганига амин бўлдим. У давр тарихини, бобомерос диний ва миллий ақидаларимизни чуқур ўрганган. Бу ақидалар қаҳрамонлар хатти-ҳаракати, гап-сўзлари, муайян масалага ёндашувига сингдириб юборилгани учун ҳам асардаги ҳар бир қаҳрамон табиатида намоён бўлади”.

“ЖАЙҲУН ЭПКИНЛАРИ” АСАРИДАН ЛАВҲА

Пок “Ихлос” ичида Улуғ Тангрига юкуниб бошлайман…

Муттасил ўй ва муҳаққақ бир оғриқ келтириб чиқарган эди аввалига мудроқ, айни пайтда уйғоқ юракнинг асов ва исёнкор эпкинларини. Дариға йиғлар эди. Юрагини қай йўсинда таржима қилсин? Билсанг, ўн саккиз минг оламга етгулик оҳи бор унинг!

Куйиб, култепага айланган Мовароуннаҳр, магар энди қай йўсинда қаддин тикласин? Қиличлар қинидан чиқиб, беомон синган ва энг азиз кўнгиллар сазойи бўлган қирғинбаротда жувонмарг кетган жигарларининг қонли заволини қай йўсинда китоб айласин?! Шамшод қаддин камон, моҳтоб юзин сомон айлаган бу кўргулик кумуш кузнинг зардиданми? Ёҳуд ҳаёт зарбиданми? Ва ё мўғул заҳриданми? Бу аламни, бу ситамни қай йўсинда хитоб айласин?!

Тушими эди ва ё ўнги? У йиғлар эди. Йиғлаётиб халоскор шамолларга қараб ҳайқирди:

– Оллоҳни ва ўзимни алдай олмасман. Оллоҳдан қўрқаман ва ўзимдан чўчиб кетаётирман. Далли-девона, савдойи тўлқинлар гувоҳмиди бу телбаликка? Кўзёшимни кўлга қуйдим. Алар Жайҳунга қўшилиб оқмиш… Лекин умидим кўз тиккан эди. Шу йўсинда умидсиз умидлардан умидвор бўлиб, умид узолмадим. Ҳаминқадар ташвишлардан қочолмадим. Магар, магар ёлғиз бошим олиб кетолмадим. Дорлар солиб бўғзимга, энди кетаётирманми мен кўл томон бир қоп андуҳим орқалаб, турибмидинг сен сироталда мен томон қараб. Йўлларми эди менга тузоқ. Ҳузуринг бунчалар узоқ. Йиғлагандим. Тушимда ва ўнгимда йиғлар эдим. Юрагимни ўтдан олиб, оташга солдим. Қумрим қолиб забундан, кезиниб толдим. Тўхтаб бироз тин олдим. Бир нидо янграгандек бўлди: “Ай Дариға, куйлагин сен. Мен эса сибизға созим – чанқовуз чалай”. Кекирдагим юлиниб, чанқовуз чалдим. Мантиқ ва чегарани йўқлик қаърига улоқтириб, воқелик ва хаёлотдан мўъжаз бир олам, оҳанрабо бир куй яратишми эди муддаом? Қалб ғорат, вужуд эса – ҳарорат. Аслида хилқатлар ичра инсон ўзи беназир хилқат. Айни пайтда, эҳтимолки, ўзим чалаётган куйга ўзим қўшилиб оқмоқда эдим.

Мени бу дунёга келтириб Худо, аллақандай майда ташвишлар солибмиди бошгинамга савдогар савдо. Инжа қанотини ҳеч қоқмас кипригим. Кўзёшларда Буюк Мовароуннаҳр ташвишлари қусури ётар. Ва халқа-халқа ёш бўлиб, юмалаб кетар, сўнг юзимда шўрлари қотар. Қорачиқда қотса сукунат, қабоғим қабарар. Бўғзимга ғолиб келса талваса, фақат сен “не бўлди” дея сўрама. Йиғласам, қарама. Ҳали эрта, сироталда толим-толим сочингни тарама, нолон йўл қарама. Бирор кунингга ярамадим.    Эгатингда сувлар тарамадим. Ярамадим. Ўксиб қолдим. Яна сибизға созим – чанқовуз чалдим. Куй ёнди. Ўт ичида ўзим-да ёндим. Кўз ёшларни боз қайта кўлга қуярман. Лақча чўғ мисол ёнган юракни Мовароуннаҳр узра қирмиз байроқ қилиб иларман. Қабоғим қабариб кетар, қорачиғим қораяр, қотар. Алалхусус, Жайҳуннинг мавжига онтким: мени хароб этмакка ташвишларнинг қурби етмагай. Мен аларни енгурман. Ва ожиз ғамлардан қолмагай асар. Айт, ким отанинг қўри-қуввати ва онанинг лафзу ҳалоли, жигару ҳолидан бино бўлмаган? Қулоқ тутдим, айт! Айт!

Ўзидан аввал жигарбанди – дилбанди вафот этгач, унинг шафоатига ва ҳузурида Ўзининг қўлловига умидвор, садпора катта энам Улмон хотиндек бунчалар куймаланмасам. Англадимки, бу кунлар ўткинчи. Ва лек манзилим йироқ. Бандасиким, ибтидодан интиҳога қадар суринса-куймаланса, йиқилса-турса. Йиғласа-овунса! Айтмишлар, меҳр – дарё тўхтатар. Магар бу рост экан, майли, меҳр дарё тўхтатсин. Ҳузурингга ҳали оёқ изи тегмаган Кўҳистонли сўқмоқ очилсин.

Тушимми эди ва ё ўнгим, мен йиғлар эдим. Яна халоскорим – шамолларга ҳайқирдим:

– Оллоҳни ва ўзимни алдай олмасман. Оллоҳим дедим, йўлим очилди. Роббим дедим, мушкулим ечилди. Илло, менинг шакл-шамойилим Сенинг ҳукмингдадир.

Энди у ғойибдан улғайиб қолган каби, бошқа бир Дариға бўлиб, муаттар мушк таралган оламдан қониб нафас олиб, димоғдор эпкинларга панд берди…

SHARE