Ўзбекистоннинг 2016 йилдаги бюджети харажатлари 42,7 триллион сўмни ташкил қилади

2016 йилда солиқ ва бюджет сиёсатини такомиллаштириш бўйича таклиф этилаётган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида Давлат бюджети даромадлари 40,5 триллион (15,1 миллиард доллар) сўмни, харажатлари 42,7 триллион (қарийб 16 миллиард доллар) сўмни ва Давлат бюджети тақчиллиги 2.2 триллион сўмни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1 фоизни ташкил этиши кўзда тутилмоқда.

2016 йил учун белгиланган солиқ сиёсатининг асосий йўналишларида назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида иқтисодиётга солиқ юки ялпи ички маҳсулотга нисбатан ўтган йилги 20.7 фоиздан 19.1 фоизгача камаяди.
Давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари ва харажатлари 23,4 трлн. сўм миқдорида белгиланмоқда, бу эса давлат мақсадли дастурларининг ижросини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Ижтимоий харажатлар улуши 2015 йилда кутилаётган 58,7 фоиздан келгуси йилда 59,2 фоизгача ошириш кўзда тутилган.

Ижтимоий харажатларда муҳим ўрин тутувчи таълим ва соғликни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағлар миқдори ўтган йилга нисбатан барқарор ўсиш суръатларини сақлаган ҳолда 2016 йилда ЯИМга нисбатан мос равишда 6,8 ва 2,8 фоизни ташкил этиб, баркамол ва соғлом авлодни шакллантириш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган дастурларда назарда тутилган тадбирларни молиялаштиришни тўла таъминлаш имкониятини беради.

Иқтисодиётга харажатлар учун 2016 йилда ЯИМга нисбатан 2,1 фоиз ажратиш кўзда тутилмоқда. Давлат бюджетидан молиялаштириладиган марказлашган инвестициялар ҳажми ЯИМга нисбатан 1,0 фоизни ташкил этиб, йирик транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш, шу жумладан “Ангрен-Поп”, “Навоий-Конимех-Мискин” электрлаштирилган янги темир йўл линияларини қурилишини давом эттириш, республика шаҳарларининг архитектура қиёфасини яхшилаш бўйича Давлат дастурларини амалга ошириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланишга йўналтирилган муҳим йирик сув хўжалиги объектлари ва ирригацион иншоотларни қуриш, намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган янги турар-жой масканларида ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этиш ва бошқа қатор вазифалар назарда тутилмоқда.

SHARE