Оксана Чусовитина фаолиятидаги еттинчи Олимпиада йўлланмасини қўлга киритишни мақсад қилган

Спорт гимнастикаси бўйича Олимпиада ўйинларининг ғолиб ва совриндори, икки карра жаҳон чемпиони, ҳамюртимиз Оксана Чусовитина жорий йилнинг 23 октябрь – 1 ноябрь кунлари Шотландиянинг Глазго шаҳрида ўтказиладиган жаҳон чемпионатида ҳам муносиб иштирок этиб, 2016 йилги Олимпиада ўйинларига йўлланма олишни мақсад қилган. Бу ҳақида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар тарқатди.

Агарда Оксана буни уддаласа у ҳолда ушбу Олимпиада ўйинлари унинг фаолиятидаги еттинчиси бўлади. Таъкидлаш жоизки, спорт гимнастикасида бундай муваффақиятга ҳали ҳеч бир спортчи эриша олмаган.

Ҳамюртимиз 1992 – 2012 йиллар давомида ўтказилган ёзги Олимпиада ўйинларининг барчасида қатнашган дунёдаги ягона спортчи ҳисобланади.

—Жаҳон чемпионатларида нечанчи бор қатнашаётганлигимни ҳеч қачон ҳисобламаганман, — дейди Чусовитина. — Глазгога ҳам шунчаки иштирок этиш учун боряпман. 2015 йилги Жаҳон чемпионати мен учун якуний бўладими? Мен келажак ҳақида башорат қилишни истамайман. Шунингдек, 2016 йилги Олимпиядадан кейин ҳам ўз фаолиятимни тугатиш ҳақида ҳам ҳозир гапирмоқчи эмасман. Буни вақт кўрсатади. Ҳозирда менинг ягона мақсадим, Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритишдир. Олимпиада ўйинларида еттинчи бор қатнашиш менинг энг катта орзуйимдир.

Оксананинг сўзларига қараганда Глазгода у тўрт снаряднинг барчасида иштирок этиш ниятида. Биз эса ўз навбатида тажрибали спортчимизга бўлажак жаҳон чемпионатида ҳам омад ва зафарлар тилаб қоламиз.