Буюк Британия Ўзбекистонга янги элчисини тайинлади

Шу йилнинг 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг мамлакатдаги янги фавқулодда ва мухтор элчиси Кристофер Алланни қабул қилди.

Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, элчи вазирга ишонч ёрлиғи нусхасини топширди. Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, кўп қиррали Ўзбекистон-Британия ҳамкорлиги ижобий суръатларда мустаҳкамланаётгани мамнуният билан қайд этилди ҳамда савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.

Хабарда айтилишича, савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон — Британия кенгашининг ҳамраиси Барбара Ҳей бошчилигидаги Буюк Британия бизнес доираларидан вакилларидан иборат нуфузли делегациянинг 5-6-ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро инвестиция форумида иштирок этиши ҳам бунинг яққол тасдиғидир.

Учрашувда айрим халқаро ва минтақавий масалалар ҳам муҳокама қилинди.