Ўзбекистон ва Япония 8,5 миллиард долларлик инвестиция битимларини имзолади

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Япония Бош вазири Шиндзо Абэ 24 октябрь куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.

Ташрифнинг асосий воқеалари 25 октябрь куни бўлиб ўтди.

Кўксарой қароргоҳида Япония Бош вазирини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Япония Бош вазири Шиндзо Абэ шоҳсупага кўтарилдилар. Давлат мадҳиялари янгради. Ўзбекистон ва Япония раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Ислом Каримов ва Шиндзо Абэнинг тор доирадаги учрашувида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

– Ўзбекистон Японияга улкан сиёсий, иқтисодий, интеллектуал ва инвестицион салоҳиятга эга, тараққий этган давлатлардан бири, вақт синовидан ўтган ишончли шерик сифатида қарайди. Япония Бош вазирининг ушбу расмий ташрифини мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётида муҳим воқеа, мамлакатларимизнинг ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, унга янги суръат бағишлашга бирдай интилиши ифодаси, деб биламиз, – деди Ислом Каримов.

– Ўзбекистондек ажойиб мамлакатга келганим, Сиз Жаноби Олийлари билан учрашиб турганимдан ғоят мамнунман. Япония билан Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилгани ва изчил ривожланиб келаётганида Сизнинг хизматларингиз беқиёс. Мамлакатингизда японлар билан боғлиқ тарихий жойлар ҳурмат-эътибор билан асраб-авайлаб келинаётгани учун Япония халқи номидан чуқур миннатдорлик билдираман. Ушбу учрашувимиз, ҳукумат аъзолари ва йирик компаниялар раҳбарлари иштирокида ўтадиган бизнес-форум мамлакатларимиз ҳамкорлигини янги босқичга кўтаради, деб ишонаман, – деди Шиндзо Абэ.

2014 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 190 миллион долларни ташкил этди. Ўзбекистонда Кунчиқар мамлакатнинг 12 компаниясининг ваколатхонаси очилган, япониялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда ташкил этилган ўн корхона муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.

Япониялик мутахассислар билан ҳамкорликда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ-кимё мажмуаси ва “Кўкдумалоқ” конида компрессор станциясини қуриш, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини реконструкция қилиш, Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўлини бунёд этиш, Самарқанд, Бухоро ва Урганч халқаро аэропортларини модернизациялаш бўйича амалга оширилган йирик лойиҳалар улкан самаралар бермоқда. Бугунги кунда Қарши – Термиз темир йўл тармоғини электрлаштириш, Навоийдаги иссиқлик электр станциясини кенгайтириш ва Толлимаржон иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Япония Ўзбекистоннинг энг йирик инвестициявий шерикларидан. 2009 йил 24 сентябрда кучга кирган Сармояларни либераллаштириш, ўзаро ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим бу соҳадаги ҳамкорлик учун мустаҳкам кафолат ва кенг имконият яратмоқда. Япониянинг йирик компаниялари Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритмоқда. “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси ва “Isuzu Motors Ltd.” ўртасидаги ҳамкорлик бунга яққол мисол бўла олади. Япониянинг мазкур компанияси 2007 йилдан “СамАвто” масъулияти чекланган жамиятининг технологик шериги сифатида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган автобуслар, юк машиналари ва бошқа техника турлари учун шасси ва двигателлар етказиб бермоқда. Ўтган вақт давомида “Isuzu Motors Ltd.” агрегатлари базасида 10 минг икки юз автобус ва 11 минг беш юз юк машинаси ишлаб чиқарилди. Табиий газда ишлайдиган юк машиналарининг янги моделларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Жорий йил 29 июлда Тошкентда “Isuzu Motors Ltd.” компаниясининг “СамАвто” масъулияти чекланган жамияти таъсисчилари таркибига кириши тўғрисида битим имзоланди. Мазкур битим “Ўзавтосаноат” ва “Isuzu Motors Ltd.” компаниялари ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликнинг мантиқий давоми бўлди.

Мамлакатимизда замонавий шаҳарсозлик жадал ривожланмоқда. Бино ва инфратузилма объектларини бунёд этишда илғор технологиялардан фойдаланиш, транспорт тизимини яхшилаш, хавфсизликни таъминлаш, одамлар учун ҳар томонлама қулайлик яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада ривожланган давлатлар, хусусан, Япония тажрибасидан унумли фойдаланилмоқда. 29 сентябрь куни пойтахтимизда бўлиб ўтган “Шаҳарнинг юқори технологик инфратузилмаси” мавзусидаги конференцияда мамлакатларимизнинг ушбу соҳадаги ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда маданий-гуманитар алоқалар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. “Тараққиётга расмий ёрдам” дастури доирасида ҳамда Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) орқали ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларда қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Японияда Ўзбекистон маданияти ва киноси кунлари ташкил этилмоқда. Кунчиқар юрт ижодкорлари мамлакатимизда ўтказилаётган халқаро анжуманлар, хусусан, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида фаол қатнашиб келмоқда.

Пойтахтимизда Япон боғи ташкил этилгани, Токиода буюк шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоийга ҳайкал ўрнатилгани, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги халқаро маданият карвонсаройига япониялик олим ва мусаввир Икуо Хираяма номи берилгани халқларимизнинг маданий яқинлиги ифодасидир.

Фан-таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам фаоллашмоқда. Ўзбекистон – Япония маркази кадрлар малакасини ошириш, “Ўзбекистон – Япония” ҳамда “Япония – Ўзбекистон” дўстлик жамиятлари халқларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Жорий йилдан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида япон тили биринчи хорижий тил сифатида ўқитила бошланди.

Олий даражадаги мулоқот чоғида мамлакатларимиз ўртасида барча соҳаларда алоқаларни янада фаоллаштиришга оид масалалар юзасидан фикр алмашилди. Фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солиш, ҳамкорлик салоҳиятини тўлиқ юзага чиқариш йўллари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида Президент Ислом Каримов ва Бош вазир Шиндзо Абэ Ўзбекистон ва Япония ўртасида стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзоладилар. Ташқи ишлар вазирликлари ва молия муассасалари ўртасида, энергетика, илм-фан, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар имзоланди. Энергетика ва транспорт тизимини модернизация қилиш, минерал-хомашё ресурсларини ўзлаштириш ва қайта ишлаш, автомобилсозлик, нефть-газ ва кимё саноати, телекоммуникация ва бошқа замонавий соҳаларда 8,5 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Ўзбекистон ва Япония раҳбарлари оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда музокаралар амалий ва ишчан руҳда ўтганини, эришилган келишувлар мамлакатларимиз ҳамкорлигини янги мазмун билан бойитганини таъкидладилар. Муҳокама қилинган барча масалалар бўйича томонларнинг позиция ва қарашлари бир хил ёки яқин экани, мамлакатларимиз ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдорлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Япония Бош вазири Шиндзо Абэ мамлакатларимиз ишбилармон доираларининг бизнес-форуми очилишида иштирок этдилар.

SHARE