Ўзбекистон раҳбари қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларини яхши хирмон кўтаргани билан табриклади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримрв деҳқон ва фермерлар, сувчи, агроном ва механизаторларни, барча дала меҳнаткашларини ғалла, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича шартнома мажбуриятларини адо этгани билан муборакбод этди.

Президент табригида айтилича, ўз ҳаётини дунёдаги энг машаққатли ва олижаноб ишга бағишлаган фидойи инсонларнинг йил бўйи тер тўкиб қилган меҳнати ҳисобидан жорий мавсумда 7 миллион 300 минг тонна ғалла, 3 миллион 350 минг тоннадан зиёд пахта етиштиришга, шунингдек, пиллачилик, чорвачилик, мева-сабзавот ва бошқа тармоқлар бўйича ҳам белгиланган режаларни муваффақиятли бажаришга эришгани ҳаммага катта хурсандчилик етказади.

“Бугунги мана шундай қувончли кунда 2015 йилнинг биз учун ҳар томонлама хосиятли ва омадли келгани, йўлимизни ўзи очиб бераётгани учун аввало Яратганимизга шукроналар айтишимиз ҳам қарз, ҳам фарз, деб биламан”, дейилади табрикда.

Ислом Каримов бу йилги мавсум турли ташвишлардан холи бўлмагани, айниқса, март ойида кутилмаганда қор ёғиши, қаттиқ совуқлар, ёз ойларида ҳаво ҳарорати илгари ҳеч қачон кузатилмаган даражада юқори бўлиб, айрим ҳудудларда 45 даражагача етгани катта қийинчилик ва муаммолар туғдириб, қишлоқ меҳнаткашларининг иродасини яна бир бор жиддий синовдан ўтказганини қайд этди.

Кўпни кўрган, азму шижоатли ва матонатли деҳқонларимиз ана шундай қийинчиликларни мардона енгиб, кунни – кун, тунни – тун демасдан, ҳар туп экин атрофида парвона бўлиб, мўл ҳосил етиштиришга эришгани, ҳеч шубҳасиз, ҳар қандай таҳсин ва тасаннога муносибдир.

“Шу ўринда қалбимдан чуқур жой олган бир фикрни такрорлаб айтишни зарур деб биламан: дунёда ўзбек деҳқонига тенг келадиган заҳматкаш ва миришкор инсонларни топишнинг ўзи қийин ва бу ҳақиқатни сиз, азизларнинг бу йилги беқиёс ютуқларингиз яна бир бор исботлаб турибди. Том маънодаги жасорат ва қаҳрамонлик намунаси бўлган олижаноб меҳнатингиз учун сиз, азизларга ўз номимдан, халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдириб, чин қалбимдан таъзим қиламан”, дейилади Президент табригида.

Эслатиб ўтамиз, шу пайтга қадар Ислом Каримов пахта ва ғаллакорларни алоҳида-алоҳида табрикларди.