“Вергул”нинг саргузаштлари

1974 йил. Мактабни олтин медаль билан тугатиб, беҳад катта орзу-умидлар оғушида Тошкентга йўл олдим. Мен ўзимга шунчалик ишонар эдимки, гўё аллақачон олий мактабнинг талабаси      бўлганману, одатдаги ўқишга отланганман. Ҳақиқатан ҳам, агар биринчи имтиҳонни «беш» баҳога топширсам, талабалар сафида бўлишим аниқ эди-да. Дастлабки имтиҳонда иншо ёзиб бериш керак экан. Бу менинг ишончимни янада мустаҳкамлади. Ахир, иншо ёзиш бизга чўт бўптими?!

Бироқ имтиҳон баҳолари чиқарилган эълонлар тахтасини кўриб, кўзларимга ишонмадим. Фамилиям, исмим қаршисида мунғайибгина «3» баҳо турар эди. Шубҳасиз, зудлик билан аппелация комиссиясига ариза ёзилди. Комиссия аъзолари бажарган ёзма ишимни шахсан ўзимга ва менга ишонган отамга кўрсатишди. Гарчанд, иншоимда имло хатолари учрамаса-да, кўплаб ишора хатоларига йўл қўйилгани маълум бўлди. Ҳар учта тиниш белгисида йўл қўйилган хато бир имло хатосига тенглаштирилиб ҳисобланса, баҳоим «уч»га тўғри келишини тушунтириб қўйишди. Ана шунда ўзим ҳам тиниш белгиларини қўллашда саводсиз эканлигимга иқрор бўлдим. Онгимда шаклланган «Менинг иншоимни текширган домла саводсиз, одам эмас экан», деган бачкана фикр, бирданига «Домла саводсиз одам эмас экан», деган адолатли эътирофга айланди. Фарқини сезяпсизми, бор-йўғи биттагина вергул, аммо мазмуни оламжаҳон.

Кейинчалик, мен пунктуация илми билан анча жиддий шуғулланиб, билмаганларимни билиб олишга ҳаракат қилдим. Ҳатто, тиниш белгиларининг қўлланиш тарихини ҳам атрофлича ўрганиб чиқдим.

Маълум бўлишича, қадимий қўлёзмаларда тиниш белгилари деган тушунчанинг ўзи бўлмаган экан. Сўзлар кетма-кет ёзилиб, қаерда тўхтатилиш ва қаерда қисқа тўхталиш қилишни китоб ўқиётган кишининг ўзи белгилаб борган. Бунда китоб сўзининг ўзи ҳам нисбий тушунча бўлиб, қадимий қўлёзмалар ўрама шаклидаги қоғоз варақларидан иборат бўлган. Эрамиздан уч аср аввал Кўҳна Мисрнинг Искандария шаҳридаги кутубхона мудири, файласуф Аристофан матнни ўқиш чоғидаги бундай мушкулликларни бартараф этиш мақсадида биринчи марта нуқта белгисидан фойдаланишни таклиф қилган. Унинг фикрича, матндаги катта тўхталишлар «юқори нуқта» билан, ўртача тўхталишлар «ўрта нуқта ва кичикларини «паст нуқта» билан кўрсатилса, матннинг осон ўқилиши маълум бўлган. Албатта, бунда Аристофан нуқтани тиниш белгиси сифатида эмас, балки шунчаки нутқдаги тўхталишларни ифода этувчи восита дея тушунтирган. Шу боис ҳам бу кашфиётга кейинчалик ҳеч ким жиддий эътибор бермаган ва у деярли унутилиб кетган.

Рим империяси таназзулга юз тутиб, Европада христианликнинг ёйилиши китобга бўлган эҳтиёжни кучайтирди. Чунки янги динни муқаддас китобларсиз тарғиб қилиш асло мумкин эмас эди-да. Ундаги ҳар бир калима ва оятларнинг аниқ мазмунини етказиш ва кўрсатмаларнинг турлича талқин этилишига йўл қўймаслик мақсадида тиниш белгиларидан фойдаланиш эҳтиёжи пайдо бўлди. Шу боис ҳам эрамизнинг XI асрига келиб насроний муаллифлар асарларида тиниш белгилари яна пайдо бўлди. XII асрда руҳоний Исидор Севильский Аристофан нуқтасининг қўлланиш қоидасини мукаммаллаштирди. Яъни, пастки нуқта шунчаки қисқа тўхталишни англатмай, балки вергул вазифасини бажарувчи, юқори нуқта эса гапнинг охирини кўрсатадиган бўлди. Бу орада ирланд ва шотланд монахлари ҳар бир гап ўртасида оралиқ қолдиришни ўйлаб топишди.

VIII асрга келиб машҳур герман қироли Буюк Карл монах Алкуинга ҳамма одамларга бир хил тушунарли бўладиган ёзув яратишни буюрди. Шундай қилиб биз фойдаланадиган ҳарфлар ва тиниш белгилари пайдо бўлди.

Яна тиниш белгиларига қайтадиган бўлсак, кейинги асрларда Аристофаннинг нуқталари ислоҳ этилиб, такомиллашиб борди. Муомалага нуқтали вергул ва икки нуқта кириб келди. Сўроқ ҳамда ундов белгилари XVI асрда пайдо бўлди. Дастлаб, қисқа тўхталишни ифодалашда қўлланган (/) белгиси кейинчлик мукаммаллашиб, ҳозирги (,) – вергулга айланди. (/) – дроб белгиси ҳам муомаладан чиқарилмади, балки бошқа вазифада қўлланила бошлади.

Шундай қилиб, биз ҳозир фойдаланаётганимиз – тиниш белгилари XVIII аср бошларига келиб тўлиқ шаклланди.

Ўзбек ёзувига тиниш белгилари XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб кириб келган. Шу давргача ёзувимизда ишора белгилари бўлмаган. Гарчанд, араб ёзувида нуқта элементи қўлланса-да, аммо у тиниш белгиси сифатида эмас, балки ҳарфларни фарқлайдиган элемент сифатида ишлатилган.

Маълумки, XIX асрнинг иккинчи ярмида Ўрта Осиёда матбаачилик вужудга келди. Босмахоналар, нашриётлар пайдо бўлиб, китоб, газета ва журналлар нашр этила бошланди. Шу муносабат билан ёзувнинг ижтимоий функцияси кенгая борди. XIX асрнинг 70-йилларига келиб, ўзбек адабий тили матбуот тили даражасига кўтарилиб, турмушнинг муҳим эҳтиёжига айланди. Китоб, газета ва журналлардаги ҳар бир фикрни ўқувчига аниқ ва тўғри етказиш зарурати пайдо бўлди. Шу муносабат билан китоб ва матбуот нашрлари саҳифаларида тиниш белгилари кенг қўллана бошлади. Кейинчалик бу жараён аста-секин одат тусига кирди. Ўзбек ёзувида тиниш белгиларининг қўлланиши ривожига 1871 йилдан мунтазам равишда чоп этила бошлаган «Туркистон вилоятининг газети» муҳим аҳамиятга эга бўлди. ХХ аср бошларига келиб, ўзбек ёзувида тиниш белгилари тўлиқ шаклланди.

Бугунги кунда ёзувимизни бу белгиларсиз тасаввур қила олмаймиз. Чунки, улар ёзувимизнинг худди мусиқада нота белгиларига ўхшаш вазифани бажарувчи унсурларидир. Ёзув орқали ифодаланган ҳар бир гапнинг мазмуни, маъно бўёқлари ва синтактик қисмлари орасидаги турли муносабатларни аниқлашда тиниш белгиларининг роли жуда муҳимдир. Улар бир томондан матн яратаётган муаллифнинг ўз ёзма нутқини аниқ, тўғри ва ифодали баён эта олиш имкониятини берса, иккинчи томондан ўқувчига муайян матндаги фикрни ёзувчи баён этганидек тушуна олиш имконини яратади. Тиниш белгилари ёзма матннинг тушунилишини осонлаштириш, мазмунини ойдинлаштириш, унга аниқлик киритиш учун хизмат қилади.

Даврлар ўтиши, ёзув тараққийи ва ёзув маданиятининг ўсиши билан тиниш белгилари ҳам ўзгариб такомиллаша борганини юқорида қаламга олиб ўтдик. Айтиш мумкинки, ушбу жараён ҳозир ҳам давом этмоқда. Компьютер техникасининг ҳаётимизга кириб келиши билан интернет тармоқларида матн мазмунини янада аниқлаштириб, ойдинлаштириб берадиган янги белгилар – смайликлардан фойдаланиш урф бўлиб бораётир. Афсуски, шу ўринда яна бир ачинарли ҳолатни айтиб ўтмасак бўлмас. Кейинги вақтларда нашрлар ва нашриётларда тиниш белгиларига бўлган эътибор андак сусайгандек. Айниқса, хусусий газета-журналлар ҳамда нашриётларда чоп этилаётган матнларда имло хатолари билан бир қаторда тиниш белгиларини қўллашда ҳам пала-партишликка йўл қўйилмоқда.

Бу ҳолатга кўча ва майдонлардаги ижтимоий рекламалар матнидан ҳам кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Масалан, мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан муҳташам бинолар пештоқида ёзилган «Yurtim – Istiqlol muborak», деган ёзув бир йўла иккита жиддий хато билан берилди. Жумладан, «Yurtim» сўзидан кейин тире эмас,  вергул бўлиши ҳамда «Istiqlol muborak» эмас, «Istiqlol bayrami muborak» тарзида берилиши лозим эди. Бу каби кўпчилик ўқийдиган ёзувлардаги хатолар фақат хусусий бўлмасдан, ижтимоий мазмун касб этиши мумкинлигини ёддан чиқармайлик. Айтайлик, ўқувчи ушбу ҳолатни андаза сифатида қабул қилиши ва эртага бу хатоликни бир умр такрорлаши мумкин.

Аввало, тиниш белгиларини қўллаш билим, кўникма ва малакасини шакллантириш мактабларимизда дарс жараёнида такомил топиши лозим. Бунда фақат дарслик билан чегараланиб қолмасдан, даврий нашрлар, илмий-оммабоп китоблар ҳамда амалий машғулотлар воситасидан кенг фойдаланиш яхши самара беради.

Қолаверса, олий ўқув юртига кириш учун топшириладиган тестларга пунктуацияга оид саволлар кўпроқ киритилса айни муддао бўларди.

Худойберди КОМИЛОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

“Зарафшон” газетасидан олинди.

 

SHARE