Нуқтаи назар: Афғонистондаги беқарорлик Россия фойдасига ўйнайди

Россия Афғонистондаги вазиятдан ўз мақсадлари йўлида, хусусан, Марказий Осиёда ҳарбий салоҳиятини кенгайтириш ҳамда ташқи сиёсий таъсирини намойиш этиш мақсадида фойдаланиши мумкин. Бундай фикрни “Ведомости” газетаси илгари сурмоқда.

Ўтган ҳафта 16 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин Афғонистондаги вазият ғоят қалтис эканлигини қайд этди.

“Турли даражадаги террористлар янада кўпроқ таъсирга эга бўлиб бормоқда, ўз фаолият кўламини янада кенгайтириш ниятини яширишмаяпти. Уларнинг мақсадларидан бири — Марказий Осиё минтақасига бостириб киришдир”, деди у. Ўз навбатида, Россия мудофаа вазирлиги “Ислом давлати” террористик ташкилоти таъсир доирасининг Марказий Осиёга тарқалишидан огоҳлантириб, Тожикистон — Афғонистон чегарасини биргаликда қўриқлаш режасини ишлаб чиқмоқда. Россия ташқи ишлар вазирлиги эса АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан 14 йил давомида олиб борилган ҳарбий кампания муваффақиятсизликка учраганини қайд этди.

Айрим экспертларнинг фикрича, Афғонистон шимолида турли жангари гуруҳлар фаоллашмоқда, аммо улар қўшни мамлакатларга таҳдид солмайди. Хусусан, яқинда Афғонистонда бўлиб қайтган Москва Олий иқтисодиёт мактаби эксперти Леонид Исаевнинг айтишича, ҳукумат мамлакатдаги вазиятни назорат қилишга қодир, айниқса, АҚШ ва НАТО кучлари кейинги йилда ҳам ўз фаолиятини давом эттириши бу жараёнда айни муддао бўлади. Унинг фикрича, мамлакат шимолидаги вазият кескинлигини баландроқ айтиш орқали Афғонистон ҳукумати Россиядан ҳам ёрдам кутаётган бўлиши мумкин.

Москвадаги Карнеги маркази эксперти Алексей Малашенконинг айтишича, “Ислом давлати” террористик ташкилотининг Афғонистонга оммавий равишда кириб келишига Эрон тўсқинлик қилмоқда. Қолаверса, Афғонистон ҳукуматининг асосий рақиби — толибонлар етакчиларининг катта қисми ушбу террористик ташкилотга хайрихоҳ эмас. Толибонларнинг ташқи ҳудудларга интилиши ва Марказий Осиёда беқарорликка ҳаракат қилиши ҳақиқатдан жуда узоқ. Чунки улар анча кучсиздир, дейди у. Шундай бўлса-да, айрим жангари гуруҳлар ўғирлик ва бошқа мақсадларда Тожикистон билан чегара ҳудудларга бостириб киришга уриниши мумкин.

Нашрнинг ёзишича, Афғонистон атрофидаги вазиятнинг кескинлаши Россия манфаатларига хизмат қилади. Биринчидан, Владимир Путин Россия Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорлик кафолати эканлигини ўз халқига намойиш қилиш имкониятига эга бўлади. Айни пайтда америкаликларнинг Афғонистонни тарк этишга шошилмаслиги ҳамда вазиятни назорат қилиб туриши жуда муҳимдир.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон раҳбари Афғонистондаги жангари гуруҳлар мамлакат жанубидан шимол ва шимоли-шарқига ўтаётгани, чегара ҳудудларидаги вазият кескинлашиб бораётгани ҳам чуқур ташвиш уйғотаётганини алоҳида таъкидлади. Толибларнинг мамлакатнинг айрим ҳудудларини босиб олиш бўйича кейинги уринишлари ушбу ҳаракат ҳали ҳам катта ҳарбий кучга эга эканидан далолат беради. Афғонистон армияси ҳозирча толибларга қаршилик кўрсатишга, ҳукумат эса мамлакатда хавфсизликни таъминлашни тўлиқ назорат қилишга қодир эмас.

Афғонистонда юзага келаётган вазиятни инобатга олган ҳолда, кўплаб мутахассислар Ироқнинг аянчли аҳволини такрорламаслик учун Афғонистонда АЙСАФ ҳарбийларини кўпайтириш, уларнинг бу мамлакатда бўлишини яна бир неча йилга узайтириш керак, деган фикрга қўшилмоқда. Бунинг учун жиддий асослар бор.

Аммо Ўзбекистон Россиянинг Марказий Осиёда таъсир доираси кенгайишига қарши бўлган асосий мамлакатлардан биридир.