«Open»нинг таржимаси «ochik»ми?

Самарқанд шаҳри Амир Темур кўчасида йўлнинг икки ёнини тўлдириб турган кўркам савдо марказлари, хизмат кўрсатиш шохобчаларини кўриб қувонамиз. Аммо уларнинг пештоқидаги номлар, ғиж-ғиж имловий хатолар билан ёзилган афишаю баннерлар таъбингизни хира қилади.

Масалан, кўчанинг биринчи бекати ёнидаги дўкон пештоқига “Сифатли гушт махсулотлари” деб ёзиб қўйилган. Қаранг, бор-йўғи учтагина сўзда иккида хато. Яна бироз юрсангиз, “Muxabbat navo”нинг афишасига кўзингиз тушади. Бу ёзув тагида эса “Tuy, bazm va tadbirlarga san‘atkorlarni taklif etamiz”, деб ёзиб қўйилган.

Ўша кўчадаги баннерда “Бахт” хусусий корхонасининг маҳсулотлари реклама қилинган. Аммо йирик ҳарфлар билан «www.BAHT.uz» деб ёзиб қўйилганига нима дейсиз? Қизиғи, ушбу манзил орқали корхона сайтига кирганимизда ҳақиқатан ҳам корхонанинг сайти юқоридаги тарзда нотўғри ёзилган экан.

Кўча бўйлаб юраркансиз, бундай хатоларни истаганча топишингиз мумкин. Бошқа манзилларда ҳам аҳвол бундан яхши эмас.

Ёши катта кишилар учун лотин алифбосига ўтиш бироз қийин бўлаётгани табиий, албатта. Олайлик, аксарият дўкон эгалари лотин алифбосини умуман ўқий олмас, аммо уларнинг фарзандлари-чи? Ахир, каттагина бир дўконни қураётганда, унинг афишасини ёпиштираётганда нега улар бир марта бўлсин, мактабда ўқиётган болаларига ёки бирор ўқитувчига кўрсатиб олишмаган? Назаримда, бу лоқайдлик ва тилга эътиборсизликдан бошқа нарса эмас.

Қизиқ, ҳозир қишлоқларда ҳам бошқа тилда ёзиш «урф» бўляпти. Тўғри, бугун қишлоқ мактаби ўқувчилари озми-кўпми инглиз ва рус тилларини ўзлаштириб боряпти. Аммо негадир чекка қишлоқдаги савдо дўконига «open», «close», «открыт», «закрыт» деб ёзиб қўйишаётганига тушунмайман.

Хуллас, бир дўкон эгасидан бу сўзларнинг маъносини сўрадим. У эса мени «ўқимаган»га чиқарди. «Э, шуниям билмайсанми? Ахир бу «Очиқ, ёпиқ» дегани-ку», деди. “Хўп, унда шу сўзларни нега ўзбек тилида ёзмайсиз?”, дедим. Сотувчининг энсаси қотди. Қўлига қоғоз-қалам олди-да «Сенга шу керак бўлса, ёзиб қўя қолай», деб, «open», «close»ни ўзбек тилида ёзди: «ochik», «yipiq»…

  • Моҳинур РУСТАМОВА,
    СамИСИ қошидаги
    1-сон академик лицей ўқувчиси.

    “Зарафшон” газетасидан олинди.

  • SHARE