Ислом Каримов: “МДҲ мажлисларида кўрилаётган масалалар Ҳамдўстлик ҳудудида юзага келаётган воқеаларга деярли дахли йўқ”

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2015 йил 15-16 октябрь кунлари Қозоғистон Республикасида бўлди ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этди

Ўзбекистон раҳбари бугунги ғоят мураккаб вазиятда ҳар қандай учрашув ва фикр алмашиш, юзага келаётган таҳликали вазиятдан чиқиш йўлини биргаликда излаш фақат фойдали бўлишини алоҳида қайд этди.

Ислом Каримов саммитнинг аҳамияти ҳақида гапирар экан, МДҲ бу борада муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади. Мазкур учрашув ҳаётнинг ўзи талаб қилаётган зарурат бўлиб, умумий тараққиётимиз истиқболи учун алоҳида аҳамиятга эга.

– Ҳамдўстлик – бу давлатларнинг бевосита мулоқот қилиши, фикр алмашиши, долзарб масалаларни муҳокама этиши, ўзаро манфаатлар ва яратилган мустаҳкам ҳуқуқий база, ўзаро ҳамкорлик бўйича ишлаб чиқилган восита ва механизмлар ҳисобга олинган ҳолда, иштирокчи давлатлар ўртасидаги баҳс ва мунозараларни ҳал этиш учун кенг имконият берадиган тузилмадир. МДҲ савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасидаги мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш, экстремистик фаолиятнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, энг муҳими, Ҳамдўстлик ҳудудида фуқароларнинг ўзаро мулоқот қилиши, долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича ўзаро мақбул тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда мувофиқлаштирилган амалий чоралар кўриш учун муҳим майдон вазифасини ўтамоқда, – деди Ислом Каримов.

Президент ўзаро имтиёз ва преференциялар бериш, келишилган ва самарали тариф сиёсатини юритиш, шунингдек, ўзаро манфаатли янги транспорт йўналишларини ишлаб чиқиш ва ривожлантириш орқали транспорт коммуникациялари ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш МДҲ аҳамиятини белгилайдиган энг муҳим омиллардан эканини таъкидлади.

Шу билан бирга, шуни ҳам қайд этиш жоизки, собиқ иттифоқ маконида бошқа давлатлараро тузилмаларнинг пайдо бўлаётгани туфайли МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши ва унинг бошқа органлари мажлислари аксарият ҳолларда умумий характерга эга бўлиб қолмоқда. Мажлисларда кўрилаётган масалалар кўпинча бугунги кунда Ҳамдўстлик ҳудудида юзага келаётган воқеаларга деярли дахли йўқ ва моҳиятан кундалик ҳаётдан анча йироқдир.

Ўзбекистон Президенти бунга ушбу учрашувни мисол қилиб келтирди. Унинг кун тартибига кўп томонлама ҳамкорликнинг турли соҳаларига доир умумий характердаги мурожаат қилиш, баёнот бериш, келишув комиссияларини тузиш, қабул қилинган қарорлар ижроси тўғрисида ахборот бериш каби у қадар аҳамиятли бўлмаган масалалар киритилган. Юзага келган вазиятдан чиқишнинг йўли шундаки, ушбу давлатлараро бирлашмаларнинг ҳар бири, МДҲ ва Евроосиё иттифоқи ўз кун тартиби ва ҳаракат дастурига эга бўлиши, бир-бирини такрорламаслиги, аксинча, тўлдириши даркор.