Ислом Каримов шу йилнинг 15-16 октябрь кунлари Қозоғистонга ташриф буюради

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2015 йил 15-16 октябрь кунлари Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг Қозоғистон Республикасида бўладиган мажлисида иштирок этади.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги хабар беришича, давлат раҳбарларининг навбатдаги учрашувида МДҲ доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш, халқаро ва минтақавий миқёсдаги долзарб муаммолар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган.

МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши энг сўнгги мажлиси ўтган 2014 йилнинг 9-10 октбярь кунлари Минскда бўлиб ўтган эди.

Қозоғистон матбуотининг ёзишича, жорий йилги саммитда МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари халқаро ҳамкорлик, шунингдек, гуманитар, ҳуқуқ-тартибот ва ҳарбий соҳада кўптомонлама ҳамкорликни кучайтириш масалаларини муҳокама қилишади ҳамда бир қатор ҳужжатларни имзолашади. Жумладан, БМТ ташкил этилганининг 70 йиллиги, терроризмга қарши курашиш ҳамда Чернобиль АЭСда содир бўлган фожеанинг 30 йиллиги муносабати билан махсус баёнотлар қабул қилиш режалаштирилмоқда. Кун тартибида ташкилотга 2016 йилда раислик қилиш сингари ташкилий масала ҳам киритилган.

SHARE