Қуёш батареясидан фойдаланиш учун рухсат олиш керакми?

Ўзбекистонда қуёш батареясидан фойдаланиш учун ҳеч қандай тўлов ва рухсатнома талаб қилинмайди. Бу ҳақида «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг ўринбосари Музаффар Ҳакимов журналистлар билан учрашувида маълум қилган.

Хабарларда айтилишича, хонадонига қуёш батареяси ўрнатиб, электр токи олишни истаган фуқаро бунинг учун аввал тегишли жойдан рухсат олиб, катта миқдорда пул тўлаши лозим, деган турли гап-сўзлар юради.

Аммо “Ўзбекэнерго” вакили бундай гаплар ҳеч қандай асосга эга эмаслигини таъкидлаган. “Ҳеч қандай рухсат ёки қўшимча ҳақ тўлашнинг кераги йўқ. Истеъмолчи бемалол, истаган ҳажмда қуёш батареясини уйига ўрнатиши мумкин”, деди у.

Ўзбекистонлик мутахассисларнинг фикрича, муқобил энергия манбалари орасида қуёш энергияси алоҳида ўрин тутади. Мамлакат қуёш нуридан энергия олиш технологияларини қўллаш учун жуда қулай. Ўзбекистоннинг ялпи қуёш энергиясининг йиллик салоҳияти 50 миллиард 973 миллион тонна нефть эквивалентига тенгдир.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 1 мартдаги “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига биноан, “Ўзбекэнерго” ДАКнинг Самарқанд вилоятида 100 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектрик станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошланган.

Пастдарғом тумани “Торариқ” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги 400 гектар ер майдонидамазкур йирик иншоот ишга тушгач, йилига 192 миллион кубометр табиий газни тежаш имконияти юзага келади.

SHARE