Илон Маск: Apple компанияси Tesla ходимлари “қабристони”дир

Tesla электромобиль ишлаб чиқарувчи компанияси асосчиси ва бош директори Илон Маск Apple унинг компаниясига қарши рақобатга қилишига шубҳа билдирди. У, шунингдек, Apple Тесла компаниясининг муҳим ходимларини ўзига оғдириб олаётгани ҳақидаги хабарларни ҳам рад этди. Унинг сўзларига кўра, Apple Tesla’дан ишдан ҳайдалган ходимларнигина ёлламоқда, холос. “Биз ҳар доим Apple компаниясини Tesla ходимлари “қабристони” деб ҳазиллашамиз. Агар сиз Tesla компаниясида электромобиллар билан шуғулланмас экансиз, демак, Apple компаниясига ишлашга борасиз. Ҳазиллашаётганим йўқ”, деди у Handelsblatt немис газетасига.

Илон Маск Apple компаниясининг “ақлли автомобиллар”ни яратиш нияти устидан ҳам кулди. “Сиз бирор марта Apple Watch соатларини кўрдингизми? Йўқ, жиддий айтаяпман: Apple интиляпти ва ушбу йўналишга инвестиция киритмоқда. Аммо автомобиллар смартфон ва ақлли соатлардан кўра анча мураккабдир. Сиз ишлаб чиқарувчи, масалан, Foxconn компаниясига бориб, менга автомобиль ясаб беринг, дея олмайсиз”, деди у.

Apple компаниясининг сўнгги пайтлардаги хатти-ҳаракатлари компания “ақлли автомобиль” ишлаб чиқариш устида бошқотираётганини кўрсатди. Масалан, шу йилнинг февраль ойида компания автомобиль соҳасидаги мутахассис ва дизайнерларни ёллаган, август ойида эса Калифорния маъмуриятидан “синов майдони” ажратиб беришни сўраган. Қолаверса, август ойида у геожойлашув маълумотлари таҳлили билан шуғулланадиган компанияни 25 миллион долларга харид қилди.

Компания, шунингдек, ўзининг Apple Maps хизматини янада кучайтириш чораларини кўрмоқда.

Apple компаниясининг “ақлли автомобиллари” нафақат Тесла, айни пайтда анъанавий автомобилсозлик компаниялари учун таҳдид бўлиши мумкин. Шунинг учун дунёдаги йирик автомобилсозлик компанияси — General Motors ҳам ҳайдовчисиз бошқариладиган автомобилларни яратишда Google ва Apple компаниялари билан рақобат қилиш режасини эълон қилди.

Илон Маск канада-америкалик инженер-кашфиётчи бўлиб, SpaceX ва PayPal компаниялари асосчиси. 2015 йилда Forbes журнали унинг мол-мулкини 12 миллиард долларга баҳолаган эди.