Беларуслик ёзувчи Светлана Алексиевич Нобель мукофотини қўлга киритди

Беларусь ёзувчиси Светлана Алексиевич адабиёт соҳасида Нобель мукофотига сазовор бўлди. Бу ҳақида мукофот расмий сайтида маълум қилинган.

Швеция қироллик академиясининг қайд этишича, Алексиевичга мукофот “унинг кўп қиррали ижоди — азоб-уқубат тимсоли ва бугунги давримиздаги мардлиги” учун берилади.

Ёзувчи 1948 йили Украина ССРда туғилган бўлиб, сўнг Беларусга кўчиб келади, у ерда Беларусь давлат университетида журналистика факультетини тамомлайди.

У 1985 йили ўзининг илк китоби — “Урушнинг аёл қиёфаси бўлмайди” монологлар тўпламини эълон қилди. Ушбу китоб “Утопия овози” кўпжилдли асарларини бошлаб берди. Шундан сўнг унинг “Сўнгги гувоҳлар”, “Чернобиль дуоси” сингари чоп қилинган.

Шуни қайд этиш керакки, 1987 йилдан бери илк марта рус тилида ижод қиладиган ижодкор ушбу мукофотга лойиқ кўрилди. Ўша йили Иосиф Бродский Нобель мукофотини қўлга киритган эди.