Турк олими илк бор фан йўналишида Нобель мукофотига лойиқ кўрилди

Туркий олам вакили – профессор Азиз Санжар (Aziz Sancar) илм-фан йўналишида илк бор Нобель мукофотига сазовор бўлди.

Швецияда жойлашган Нобель қўмитаси 7 октябрь куни тарқатган хабарга кўра, кимё йўналишидаги 2015 йилги нуфузли мукофот бирваракайига уч олимга – швециялик Томас Линдал (Tomas Lindahl), америкалик Пол Модрич (Paul Modrich) ва турк миллатига мансуб АҚШ фуқароси Азиз Санжар берилди.

Уч заҳматкаш олим ДНКни “тузатиш” механизмини ўрганишдаги ютуқлари учун Нобель мукофотига муносиб кўрилган.

Нобель мукофоти қўмитаси тарқатган хабарда айтилишича, олимлар шикастланган ДНКни ҳужайралар молекуляр даражада қандай қайта тиклаши ва генетик ахборотни қай тарзда сақлашини тушунтириб бера олишган. Соддароқ айтганда, уч олимнинг илмий изланишлари асосида саратон касалликларига қарши дори-дармон яратиш имкони туғилади.

Амалдаги тартибга кўра, мукофот сифатида ажратиладиган 8 миллион швед кронаси (950 минг АҚШ доллари) уч олим ўртасида тақсимланади.

69 ёшли профессор Азиз Санжар Nobelprize.org cайтига берган интервьюсида унинг нуфузли мукофотни олишини Туркияда кўпдан бери кутишаётганини айтган.

“Қачон сизга Нобель мукофотини беришади?” деган саволдан, очиғи, чарчаган эдим. Шунинг учун ҳам киндик қоним тўкилган мамлакатим учун икки ҳисса хурсандман” деган кимёгар олим.

Нуфузли мукофот соҳиби ушбу тарихий ҳодиса унинг оиласи, ҳозир истиқомат қилаётган юрти – АҚШ, айниқса, туғилиб ўсган ватани Туркия учун жуда аҳамиятли эканини таъкидлаган.

Профессор Азиз Санжар туркий миллатлар орасида Нобель мукофотини қўлга киритган иккинчи шахс сифатида тарихга кирмоқда. Аввалроқ – 2006 йилда турк адиби Ўрхон Помуқ адабиёт йўналишида ушбу мукофотга сазовор бўлган эди.

Азиз Санжар 1946 йилда Туркиянинг жануби-шарқидаги Мардин музофоти Савур қасабасида кўп болали оилада дунёга келган. Ёшлигида профессионал тарзда футбол билан шуғулланган. Аммо кейинчалик вазият тақозосига кўра спортни ташлаб, ўзини илмга бағишлаган.

1969 йили Истанбул университети тиббиёт факултетини тамомлаган. Кейин эса илмий изланишларни АҚШда давом эттирган. У 1997 йилдан бери Шимолий Каролина университети тиббиёт факультетида сабоқ бериб келади.

Профессор Азиз Санжар Туркия Фанлар академияси фахрий аъзоси саналади. У Vehbi Koç мукофоти (2007) соҳиби ҳамдир.

Собир Камол

SHARE