Япон маликаси Мако ниҳоят оддий йигитга турмушга чиқади

Кўп йиллик тортишувлардан сўнг, Япония маликаси Мако шу ойда ўзининг синфдошига турмушга чиқади ва император оиласидаги мақомидан воз кечади.

Император Уйи Агентлиги тўй санаси 26 октябрга белгиланганини айтди.

Жуфтлик дастлаб 2018 йилда турмуш қуришлари керак эди, аммо жаноб Комуронинг оиласи молиявий қийинчиликларга дуч келгани ҳақидаги ҳисоботдан кейин тўй тўхтатилган.

Эр-хотин никоҳдан кейин АҚШга кетишади ва жаноб Комуро у ерда адвокат сифатида фаолиятини олиб боради.

Жуфтликнинг хатти-ҳаракатлари маҳаллий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилган.

Мако хоним ва жаноб Комуро биринчи марта 2012 йилда Токиодаги Халқаро христиан университетида талаба сифатида учрашишган.

Малика Мако, одатда, император оила аъзоси мақомидан воз кечганда бериладиган 150 миллион иенлик (1,3 миллион доллар) анъанавий бир марталик тўловдан воз кечади.

У, шунингдек, император оиласи тўйлари билан боғлиқ одатий маросимларни ҳам ўтказишдан бош тортиши айтилмоқда. Агар у тўловдан ҳам, маросимлардан воз кечса, бу уни император оиласидаги шундай ишни амалга оширган биринчи аёл аъзосига айлантиради.

Япония қонунчилигига биноан, император оиласининг аёл аъзолари “оддий одам” билан турмуш қурганларида оиладаги ўз мақомини йўқотадилар, лекин бу қоида эркак аъзоларга нисбатан қўлланилмайди.