Тошкентда Ўзбекистон-Туркманистон иқтисодий форуми бўлиб ўтди

4 октябрь куни Тошкентда Туркманистон Президентининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи арафасида Ўзбекистон-Туркманистон иқтисодий форуми бўлиб ўтди.

Хорижий делегацияга Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Э.Оразгелдиев, Ўзбекистон делегациясига эса Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков бошчилик қилди.

Тадбирда асосий вазирлик, идора, тармоқ бирлашмалари ва ассоциациялари, савдо – саноат палаталари раҳбарлари, шунингдек, икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ва тадбиркорлари, жами 100 нафардан ортиқ иштирокчилар қатнашди.

Икки мамлакат делегациялари раҳбарлари ўз чиқишларида икки Давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли эришилган Ўзбекистон-Туркманистон иқтисодий ҳамкорлиги ривожланишининг жадал суръатларини қайд этдилар. Жумладан, сўнгги бир неча йил ичида икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 3 баробар ошди ва барқарор ўсишда давом этмоқда. Жорий йилнинг дастлабки 8 ойида пандемиянинг иқтисодиётга салбий таъсирига қарамасдан ўзаро савдо ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25% ўсишни кўрсатди.

Э.Оразгелдиев Туркманистон қишлоқ ва сув хўжалиги, саноат, энергетика, савдо, транспорт ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга устувор аҳамият бераётганини таъкидлади. Саноат кооперацияси, рақамлаштириш, инновацион технологиялар ва икки давлатни боғловчи транспорт-логистика йўналишларини ривожлантириш соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари қайд этилди.

Форум давомида икки мамлакат турли тармоқларининг инвестициявий, саноат ва савдо салоҳиятини очиб берувчи тақдимотлар ўтказилди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари “Made in Uzbekistan” саноат кўргазмасига ташриф буюриб, унда ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг маҳсулотлари билан танишиш имконига эга бўлдилар. Бундан ташқари, икки мамлакат тадбиркорлари бир қатор В2В учрашувларини ўтказиб, ҳамкорликни йўлга қўйиш ва истиқболли соҳаларда аниқ лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Форум якунида қишлоқ хўжалиги, кимё, тўқимачилик, электротехника, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва фармацевтика саноати, виночилик, автомобилсозлик ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида қатор инвестициявий битимлар ва савдо шартномалари имзоланди.