The Times: Ўзбекистон саёҳат қилишга арзирли кучли бешталикда

Буюк Британиянинг машҳур “The Times” газетаси ўз расмий сайтида “29 та саёҳат қилишга арзирли дам олиш жойлари” мақоласини нашр этди. Унга кўра Ўзбекистон сайёҳлар учун жозибадор мамкалатлар қаторига киритилган ва рейтингда бешинчи ўринга муносиб кўрилган.

Мақолада Ўзбекистон қадимий Ипак йўли руҳиятини ўзида мужассам этган давлат сифатида ҳамда дунёга машҳур архитектураси, музей ва совет биноларига бой бўлган Тошкент шаҳри тилга олинган.

Нашр айниқса, қадимий тарихий шаҳарларга алоҳида эътибор қаратган. Сайёҳларга Амир Темур империясининг пойтахти Самарқандга, унинг маркази “мовий кошинлар билан қопланган ва гумбазлари дунёнинг қадимий мўъжизаларидан бирини ифодаловчи” Регистонга, Буюк Ипак йўлининг ғарбий қисмида жойлашган Бухорога, шунингдек, 1500 йиллик ислом меъморчилиги “жуда яхши сақланган” Хива шаҳарларга бориш тавсия этилади.

Ўзбекистонга визасиз саёҳат қилиш имкони борлигини таъкидлар экан, The Times, “ғайриоддий саёҳатни бошдан кечирмоқчи бўлган” нашр ўқувчиларини мамлакатга ташриф буюришга ундайди.