СОҲА ФАХРИЙЛАРИ ЙЎҚЛАНДИ

Шундай касб эгалари борки, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин. Устозлар бизни тўғри йўлга йўналтириб, ким бўлмайлик, қайси соҳада ишламайлик, барчамизга таълим ва тарбия бериб келган. Шу боисдан, қандай муваффақият ва натижаларга эришсак бу ютуқларда уларнинг беқиёс ҳиссаси бор!

Жумладан, Алишер Мардиев адлия органлари тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилди. “Устоз-шогирд” анъанаси асосида кўплаб шогирдларни етишиб чиқишида фидойилик кўрсатди. Қонун соҳасининг турли масъулиятли лавозимларида ишлаган паллаларда бу инсонга зиёлилик зеб берди, ҳар неки муаммо бор бўлса, муросаю мулойимлик тафти билан юмшатди. Шунинг учун бугун ҳам одамлар, ҳам шогирдлар ардоғида, эътиборида.

1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Давлат хизматлри агентлигининг Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи М.Курбанов, бошқарма бошлиғининг ўринбосари Ш.Азизов, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Нуриев, бошқарма бошлиғининг ўринбосари Ж.Зоҳидов, шунингдек Нотариал палатанинг Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи У.Муртазаев адлия тизимида узоқ йиллар давомида фаолият юритган фахрийлар билан учрашиб, уларга байрам совғалари, ташаккурномалар ва вазирлик томонидан ажратилган пул маблағларини топширдилар. Шогирдлар эътиборидан мамнун бўлган соҳа фахрийси қўлларини дуога очиб, юртимизга тинчлик, ёшларнинг касб-корларига барака тилади.

Бугун шунингдек, Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари маркази директори лавозимида ишлаган, бугунги кунда нафақада бўлган соҳа жонкуяри Суҳроб Шодибоев, ФҲДЁ соҳасида узоқ йиллар меҳнат қилган Музаффара Аминова, Шоира Зоҳидова, Рисолат Назарова, Нодира Тоҳироваларнинг хонадонларида бўлиниб, уларга Бошқарма раҳбариятининг байрам табрикалари ва эсдалик совғалари топширилди.

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан байрамлар ва алоҳида саналар олдидан тизимда кўп йиллар меҳнат қилган устоз фахрийларни ҳолидан хабар олиш анъанага айланган. Ушбу анъана устозлар ва соҳанинг ёш кадрлари ўртасида мустаҳкам алоқаларни ўрнатишда муҳим аҳамият касб этади.

ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси
Ахборот хизмати