Қумтор конида заҳарли чиқиндиларни ноқонуний равишда кўмилгани аниқланди

“Канадаликлар Қирғизистоннинг экологик қонунчилиги ва халқаро экологик стандартларни Қумтор конида бузганлигининг даҳшатли фактлари аниқланди”, – дея хабар беради “Кумтор Голд” компанияси матбуот хизмати.

Унинг сўзларига кўра, конда заҳарли чиқиндилар ноқонуний равишда кўмиб ташлангани аниқланган. Чиқиндилар орасида кимёвий реагентларни, эски шиналар ва ҳатто бутун бошли автомобилларни кўриш мумкин.

“Давлат экология ва иқлим қўмитаси мутахассислари мавжудлиги номаълум бўлган бир нечта чиқинди конларини топдилар. Кўп йиллар давомида конда ишлаб чиқариш ва маиший чиқиндиларнинг катта қисми қайта ишланмай, оддийгина ерга кўмилган. Бу чиқиндихоналар ҳеч қандай ҳисобот ёки ҳужжатда кўрсатилмаган ва уларни фақат ходимларнинг хотиралари туфайли топиш мумкин бўлган. Экологларнинг фикрича, худди шундай чиқинди кўмилган жойлар коннинг турли ҳудудларида мавжуд “, – дейилади хабарда.

Экологларнинг сўзларига кўра, махсус асбоб-ускуналар 4 метр чуқурликдаги ер остида, турли жойларда яна бир нечта йирик чиқинди полигонлар мавжудлигини кўрсатмоқда.

“Бу мамлакатимиз табиатига нисбатан ваҳшиёна муносабатдир. Бу ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун жуда жиддий жазолар назарда тутилган. Айтишимиз мумкинки, “Centerra” Қирғизистонда назоратсиз фаолият олиб борган, чунки назорат қилувчи органлар, олдинги текширувларнинг далолатномаларига кўра, конда фақат бир-икки кун давомида бўлишган ва “Centerra” киришга рухсат берган ҳудудларгагина боришган”. Бу ҳақида Давлат экология ва иқлим қўмитаси вакили Динар Кутманова хабар бермоқда.

Унинг сўзларига кўра, агар Канада ёки бошқа бирор ғарб мамлакатларидаги конлардан бирортасида чиқиндилар шу тарзда кўмилган бўлганида, бу экологик ҳалокат деб топилар ва бутун дунё ишлаб чиқарувчи компанияни айблаб ташлар эди.

Бугунги кунда “Kumtor Gold Company” ЁАЖда қаттиқ экологик назорат жорий этилган ва барча чиқиндилар сараланиб, қайта ишлашга юборилмоқда.

Кондаги ноқонуний чиқиндихоналар ҳақидаги барча маълумотлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.