Pandora “иши” натижалари эълон қилинди

Pandora Papers яширин 6,4 миллион ҳужжат, уч миллионга яқин расм, миллиондан ортиқ электрон почта ва деярли ярим миллион электрон жадваллар бўйича тадқиқот натижаларини эълон қилди.

Файлларда дунёнинг энг қудратли одамлари, жумладан 90 мамлакатдан 330 дан ортиқ сиёсатчилар ўз бойликларини яшириш учун махфий оффшор компаниялардан қандай фойдаланганликлари фош қилинади.

“Оффшор” деганда нимани тушунамиз?

Pandora ҳужжатлари чет элларда ташкил этилган компанияларнинг мураккаб тармоқларини очиб беради. Масалан, кимдир Буюк Британияда мулкка эга бўлиши мумкин, лекин унга бошқа мамлакатларда жойлашган компаниялар тармоғи орқали эгалик ҳам қилиши мумкин. Оффшор – компанияларни бошқа давлатларда ташкил этиш орқали, мулк эгалигини яшириш ҳисобланади.

Одатда оффшорлар қаерларда тузилади:

  • компаниялар тузиш осон бўлган давлатларда;
  • компаниялар эгаларини аниқлашни қийинлаштирадиган қонунлар мавжуд бўлган ҳудудларда;
  • корпоратив солиқ миқдори кам ёки умуман бўлмаган мамлакатларда.

Пулни оффшорга яшириш қанчалик осон?

Сизга махфийлик даражаси юқори бўлган мамлакатлардан ёки юрисдикциялардан бирида компания ташкил этиш кифоя. Бу компаниянинг фақат номи мавжуд, ходимлари ҳам идораси ҳам бўлмайди.

Сизнинг номингиздан оффшор компанияларини ташкил қилиш ва бошқариш учун махсус фирмаларга ҳақ тўланади. Охир-оқибат бизнес ортида ким тургани бўйича ҳеч қандай из қолмайди.

Оффшорда қанча пул яширинган?

Буни аниқ айтиш қийин, лекин маълумотларга кўра, яширинган пуллар миқдори 5,6 триллион доллардан 32 триллион долларгача бўлиши мумкин. Халқаро валюта жамғармасининг таъкидлашича, солиқлардан озод этиш ҳуқуқидан фойдаланиш бутун дунё ҳукуматларига ҳар йили 600 миллиард долларгача солиқ тўланмай қолишига олиб келади.